Марказий Осиё — Корея: Жадал ривожланиш ва мустаҳкам стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи
Хабар берилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида нутқ сўзлади.
Қуйида ушбу нутқдаги асосий фикрлар ҳавола этилади.
- Марказий Осиё ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат асосида барпо этилмоқда. Ҳамкорликнинг мақсадлари мутлақо очиқ, прагматик ва бунёдкорлик хусусиятига эга;
- Асосий вазифа фақат ҳамкорлик бўйича эришилган суръатни сақлаб қолиш эмас, балки бу муваффақиятларни янада юқори сифат билан олдинга боришнинг пойдеворига айлантиришдан иборат;
- Марказий Осиё жаҳон бозорларидаги беқарорликка қарамасадан, 6 фоиздан зиёд ўсиш суръатини намойиш этмоқда. Умумий ялпи ички маҳсулот ҳажми 500 миллиард доллардан ошди;
- 80 миллиондан ортиқ аҳолига эга Марказий Осиё ишонч билан Евроосиёнинг “барқарорлик минтақаси” ва “глобал боғлиқлик маркази”га айланиб бормоқда;
- Замонавий таҳдидларга жавобан “Марказий Осиё – Корея Республикаси: жадал ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик” деб номланган узоқ муддатли концептуал қарашни ишлаб чиқиш таклиф қилинди;
- Кибертаҳдидларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини яратиш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ўта муҳим;
- Марказий Осиё савдо бўйича хавф-хатар зоналаридан ташқарида жойлашган ишлаб чиқариш майдонларига эга экани ва маҳсулотларга талаб тез ўсиб бораётгани билан Корея Республикаси учун Евроосиёдаги алмаштириб бўлмайдиган ҳамкорга айланиши мумкин;
- Тўсиқларни бартараф этиш, сертификатлаш бўйича тартиб-таомилларни ва маҳсулотларнинг маҳаллий савдо платформаларига ўзаро кириб боришини соддалаштириш юзасидан таъсирчан чора-тадбирларни кўриш муҳим;
- Саноат кооперацияси ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш доирасида Ўзбекистонда “Марказий Осиё – Корея” саноат-технология паркини жойлаштиришга тайёрлик билдирилди;
- Ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини йўлга қўйиш иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи экани қайд этилди;
- Муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорлик Марказий Осиё ва Корея ўртасида стратегик манфаатларнинг ноёб уйғунлигини яратади. Шу муносабат билан нодир минераллар бўйича минтақавий инвестициявий альянсни ташкил этиш таклиф қилинди;
- Марказий Осиё “яшил” инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш ва ишончли платформа бўлишга тайёр. Шу мақсадда Марказий Осиё ва Корея ўртасида иқлим ва углерод ҳамкорлиги бўйича форматни ишга тушириш таклифи билдирилди;
- Инсон капиталини ривожлантириш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни шакллантириш таклиф этилди;
- Ўзбекистон келгуси йилда Корея Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги ва корейс диаспорасининг минтақамизда яшай бошлаганининг 90 йиллигига бағишланган байрам тадбирларини энг юқори даражада ўтказишга тайёр экани таъкидланди.
ЎзА