Маданият ва санъат – маънавий юксалиш ва креатив тараққиёт мезони
Мамлакатимизда ҳар йили 15 апрель – Маданият ва санъат соҳаси ходимлари кунининг кенг нишонланиши соҳа заҳматкашларига бўлган юксак эҳтиромнинг амалий ифодасидир. Давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимларига йўллаган байрам табриги шунчаки қутлов эмас, балки Янги Ўзбекистон маънавий қиёфасини белгиловчи стратегик таҳлил ва келажакдаги устувор вазифаларни ўзида мужассам этган дастуриламал ҳужжат бўлди. Бугун маданият ва санъат соҳаси маънавий тарбия воситаси бўлиш билан бирга, миллий иқтисодиётимизнинг муҳим тармоғи — креатив индустрия сифатида ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.
Сўнгги йилларда соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида маданият масканларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти тубдан мустаҳкамланди. Биргина рақамларга эътибор қаратсак, юртимизда қисқа вақт ичида 2 та театр, 19 та маданият маркази, 16 та музей ва 20 та мусиқа ҳамда санъат мактаби ташкил этилгани соҳадаги изчилликдан далолат беради. Айниқса, 125 та тарихий-маданий мерос объектининг асраб қолиниши ва Тошкентда Ўзбекистон Миллий музейи биноси қурилишининг бошланиши аждодлар хотирасига кўрсатилаётган юксак эътибор намунасидир. Бундай ўзгаришлар ижодкорларнинг ижтимоий ҳимояси, хусусан, ходимлар иш ҳақининг ўртача 35 фоизга оширилгани ва уй-жой билан таъминлаш тизимининг йўлга қўйилгани билан ҳамоҳанг кечмоқда.
Шу билан бирга, ўзбек маданий дипломатияси жаҳон минбарларида янги оҳанг билан янграмоқда. Австриянинг нуфузли саҳналарида намойиш этилган “Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси” балети ҳамда Соҳибқирон Амир Темур таваллудига бағишланган мусиқали опера тақдимоти миллий санъатимизни халқаро нуфузга кўтарди. ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтказилаётгани, Бухоро ва Хоразмда ташкил этилган халқаро форумлар Ўзбекистонни минтақавий маданият марказига айлантирмоқда. Миллий кино санъатимиздаги “Тирик тарих” туркумидаги лойиҳалар эса аждодларимизнинг шонли ўтмишини замонавий нигоҳ билан гавдалантириш йўлидаги дастлабки муваффақиятли қадамлар бўлди.
Бироқ, эришилган натижалар билан чегараланиб қолмасдан, соҳадаги мавжуд камчиликларни холис таҳлил қилиш ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш бугунги куннинг кечиктириб бўлмас талабидир.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, эндиликда маданият соҳасига фақат маърифат маскани сифатида эмас, балки креатив иқтисодиётнинг муҳим тармоғи сифатида қараш лозим. Олдимизда турган энг долзарб вазифа — 2030 йилгача креатив иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 5 фоизга етказишдир. Бунинг учун маданий хизматлар бозорини ривожлантириш, санъат маҳсулотлари экспортини кенгайтириш ва рақамли технологияларни маданият муассасалари фаолиятига тўлиқ сингдириш талаб этилади.
Маданият ва санъат ходимларининг фидокорона меҳнати миллат маънавиятини юксалтиришнинг бош омилидир. Янги ташкил этилаётган Креатив индустрия парки ва соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги мукофотлар ижодкорларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади. Зеро, юксак маданиятга эга бўлган халқнинг келажаги порлоқ, ислоҳотлари эса бардавом бўлади. Ўз касбининг фидойилари бўлган санъат аҳлининг билими ва ижодий салоҳияти миллий маданиятимизни янги тараққиёт босқичига олиб чиқишига шубҳа йўқ.
Мадинабону Насриева,
ЎзА