Шоир, таржимон, педагог
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли шоир, таржимон ва педагог Шермурод Субҳон таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Шермурод Субҳоннинг ўзбек адабиёти, айниқса замонавий шеърият ва таржимачилик соҳаси ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида сўз юритилди. Сўзга чиққанлар ижодкорнинг кўп қиррали фаолияти, унинг миллий ва жаҳон адабиёти ўртасидаги маънавий кўприк яратишдаги хизматлари ҳақида батафсил гапирди.
Адабиётшунослар фикрича, Шермурод Субҳон ижоди замонавий ўзбек адабиётида ўзининг модернистик йўналиши ва ўзига хос тадқиқотчилик руҳи билан ажралиб туради. Шоир шеърхонга ақл ўргатиши эмас, балки уни ўз кўнгил ҳолати ва ички кечинмалари билан таништиришни мақсад қилади. Унинг шеърларида инсон руҳиятидаги нозик ўзгаришлар тимсол ва рамзлар орқали ифодаланади.
Ижодкорнинг меҳнат фаолияти таълим ва оммавий ахборот соҳалари билан узвий боғлиқ. У 1997–2006 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик институтида турк тили ўқитувчиси сифатида фаолият юритган. 2007–2018 йилларда “Гулистон” ижтимоий-маданий журналида муҳаррир, бўлим муҳаррири, масъул котиб ҳамда бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида самарали ишлаган.
[gallery-28739]
Шунингдек, 2020-2022 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик университетида, 2022-2023 ўқув йилидан эса мазкур олий таълим муассасасининг “Турк филологияси” кафедрасида фаолият олиб борган. Айни пайтда у Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети хорижий тиллар кафедрасида турк тили ўқитувчиси сифатида меҳнат қилмоқда.
Тадбир давомида Шермурод Субҳоннинг бой ижодий мероси, хусусан, унинг шеърий тўпламлари, адабий-тадқиқот ишлари ва таржималари ҳақида батафсил маълумот берилди. Унинг “Ўзбек модерн шеърияти”, “Шеърият иқлими”, “Сокин сўз суврати”, “Сукунатнинг сассиз садоси” каби асарлари замонавий ўзбек шеърияти ривожида муҳим ўрин тутади.
Шу билан бирга, ижодкорнинг таржимачилик фаолияти алоҳида эътироф этилди. У турк ва жаҳон адабиётининг қатор намояндалари асарларини ўзбек китобхонига тақдим этган. Жумладан, Меҳмет Ўндернинг “Мавлоно” асари, Хайреттин Ивгиннинг “Манас” романи ҳамда Меҳмет Фуад Кўпрулунинг “Турк адабиётида илк мутасаввифлар” каби муҳим асарларнинг таржималари адабий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар Шермурод Субҳоннинг нафақат ижодкор, балки фидойи устоз сифатида ҳам кўплаб шогирдлар тайёрлаганини алоҳида таъкидлади. Унинг таълим соҳасидаги фаолияти ёш авлодни тил ўрганиш, жаҳон адабиётини чуқур англаш ва таржимачилик санъатини эгаллашга ундаб келмоқда. Ижодий учрашув давомида шоирнинг шеърларидан намуналар ўқилди, таржималаридан парчалар келтирилди ҳамда иштирокчилар томонидан қизиқарли мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир самимий ва кўтаринки руҳда ўтиб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шермурод Субҳон — замонавий ўзбек адабиётининг етук ижодкорларидан бири, шоир, таржимон ва педагог сифатида миллий маданиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ҳозирда туркий адабий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида фаол ижод қилиб келмоқда.
Учрашув давомида Шермурод Субҳон ижоди ҳақида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбирлари