Лобархон – БМТнинг грантлар танлови ғолиби
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти биология мутахассислиги 1-курс магистранти Лобархон Юлдашова Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг халқаро танловида “Қорақалпоғистон Республикасида Nitraria Sibirica ўсимлигининг плантациясини ишлаб чиқиш” лойиҳаси билан ғолиб бўлди ва лойиҳани амалга ошириш учун 8 минг 500 АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилди.
Лобархон Юлдашова илмий раҳбари биология фанлари доктори, профессор Алишер Ажиев билан қурғоқчилик ва шўрга чидамли бўлган Nitraria Sibirica, яъни оқчангал ўсимлигининг биоэкологик хусусиятлари ва халқ хўжалигидаги аҳамияти бўйича бир неча йиллардан буён илмий-тадқиқотлар олиб бормоқда.
– Лойиҳани Қонликўл туманида амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, дастлабки босқичда ўсимлик плантациясини яратишни мақсад қилганмиз. Бу Оролбўйининг деградацияга учраган ерларини тиклаш, тупроқ шўрланишининг олдини олиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва ҳудуддаги яшил ҳудудлар ҳажмини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, кейинги босқичда хориждан тегишли ускуналарни олиб келган ҳолда, бу ўсимликдан маҳаллий табиий эко-жем маҳсулотини ишлаб чиқариш, уни ички ва ташқи бозорларга сотувга чиқариш орқали олис ҳудудларда иқтисодий имкониятларни яратиш устувор мақсадимиз ҳисобланади, – дейди Лобархон.
Маълумот ўрнида, Лобархон Юлдашова бир неча республика ва халқаро танловларда, шунингдек, 2023-2024 ўқув йилида Ибройим Юсупов номидаги давлат стипендияси танловида ғолиб бўлган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.