Ким Чен Ин Сеулнинг узрини қабул қилди
КХДР етакчиси Ким Чен Ин Жанубий Корея Президентининг дрон воқеаси билан боғлиқ узрини ижобий қабул қилди
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мённинг дронлар билан боғлиқ ҳолат учун йўллаган узрини ижобий қабул қилди. КХДР Меҳнат партияси Марказий қўмитаси вакили Ким Ё Чжон таъкидлашича, давлат раҳбари Ли Чже Мённинг вазиятга ёндашуви ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун кўрилган чораларни “доно ва самимий қадам” сифатида баҳолаган.
Бир кун олдин Корея Республикаси етакчиси шимолдаги қўшни юрт ҳаво ҳудудига хусусий дронлар парвози амалга оширилишини “иғвогарона ҳаракат” деб атаб, КХДРдан расман узр сўраган эди. Ушбу қурилмалар 2025 йил сентябрь – 2026 йил январь оралиғида учирилгани аниқланиб, Жанубий Корея прокуратураси бу ишда айбдор деб топилган уч шахс – аспирант, разведка ходими ва ҳарбий зобитга айблов эълон қилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА