БАА тиббиётида янги давр
Бирлашган Араб Амирликлари 2026 йилги Жаҳон соғлиқни сақлаш кунини илғор технология ёрдамида нишонламоқчи. Ушбу мамлакат тиббиёт соҳасида дунё етакчисига айланиш мақсадини яна бир бор тасдиқлади. Бу йилги “Соғлиқ учун бирга, илм сари олға” шиори орқали илмий ҳамкорликка алоҳида урғу берилиб, инсон, табиат ва жамият саломатлигини биргаликда ҳимоя қилиш кўзда тутилган.
БАА тиббиёт тизими сунъий интеллект ва илмий тадқиқотга таянган ҳолда тараққий этяпти. Масалан, “Abu Dhabi Stem Cells Centre” ва “Cleveland Clinic Abu Dhabi” каби марказлар янги технологияларни фаол жорий этиб, нейро касалликларни аниқлаш, онкология хасталикларини даволашда юқори аниқликка эга усуллар ишлаб чиқмоқда. Натижада беморларни жуда тез ва самарали даволаш имкони яратиляпти. Бу ҳақда WAM агентлиги ёзди.
Рақамли тиббиёт ва таълим соҳасида ҳам сезиларли ижобий ўзгариш кузатиляпти. “Dubai Health” халқаро компаниялар билан ҳамкорликда рақамли жарроҳлик ва мутахассис тайёрлаш йўналишларини ривожлантирмоқда. Генетика ва ноёб касалликларни ўрганиш бўйича илмий тадқиқот жараёни ҳам янги босқичга чиқди. Айни саъй-ҳаракатлар келажакда соҳани кенг миқёсда хусусийлаштиришга хизмат қилади.
Бу ютуқлар халқаро рейтингда ҳам акс этмоқда. БАА соғлиқни сақлаш тизими дунёда 17-ўринни эгаллаб, араб давлатлари орасида етакчи ўринга кўтарилди. Шунингдек, жамоатчиликни саломатлик масаласига жалб қилиш бўйича ҳам биринчи ўринга чиқди. Хуллас, мамлакат тиббиёти нафақат технология, балки кенг қамровли ижтимоий тизим сифатида ҳам ривожланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА