Жамоат транспорти — жамият маданияти кўзгуси
Мулоҳаза
Жамоат транспорти — бу шунчаки ҳаракатланиш воситаси эмас, балки жамиятнинг маданияти ва ўзаро ҳурмат даражасини кўрсатувчи кўзгу. Афсуски, бугунги кунда автобус ва йўналишли такси ҳайдовчиларининг йўловчиларга нисбатан қўпол муносабати турли эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Кунингиз қандай ўтиши кўпинча тонгда уйингиздан ишга ёки ўқишга кетаётганингизда жамоат транспортидаги муҳитга боғлиқ бўлади. Бироқ, кўпчилик учун бу жараён асабийлик ва кайфиятнинг бузилиши билан бошланади.
Баъзи жамоат транспорти ҳайдовчиларининг қўпол муомаласи ва асабий ҳолатда транспорт бошқариши буларга сабаб бўлади. Йўловчиларга жамоат транспорти ҳайдовчилари томонидан қилинган қўпол муомалага ўзим гувоҳ бўлганман. Мен ҳам университет талабасиман. Ўқишга бориш учун жамоат транспортидан фойдаланаман. Баъзида йўловчилар бекатда тушишга улгурмай қолишади ва ҳайдовчидан эшикни очишни сўрайди. Бу ҳолатда ҳайдовчи дарғазаб бўлиб, оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан йўловчиларга қўпол гапиради ёки урушади. Аслида жамоат транспортининг бекатда тўхтаб туриш вақти ва тартиби бор.
Мамлакатимиз қонунчилигида ҳам инсонни камситиш, ҳақорат қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Ривожланган давлатларда масалан, Европа мамлакатлари, АҚШ, Япония, Сингапур жамоат транспорти ҳайдовчилари нафақат техник ҳайдовчи, балки мижозларга хизмат кўрсатиш мутахассиси сифатида кўрилади. Ҳайдовчининг йўловчига қўполлик қилиши “профессионал нолойиқлик” деб баҳоланади. Бунинг сабаби, уларда ҳайдовчилик шунчаки механик иш эмас, балки юқори даражадаги хизмат кўрсатиш соҳаси ҳисобланишидир.
Балки Ўзбекистонда ҳам ҳайдовчиларни махсус психологик тренинглардан ўтказиш тизимини жорий қилиш вақти келгандир. Бу билан ҳамма ҳайдовчилар қўпол демоқчи эмасмиз. Гуруч курмаксиз бўлмайди, албатта. Мақсадимиз жамиятда маънавий муҳитни ривожлантириш, инсонларнинг ҳуқуқий онгини юскалтиришдан иборат.
Вазира ҒАФУРОВА,
ЎзЖОКУ талабаси
ЎзА