Жаҳон кубоги: бугун даъвогарлар турнирининг 2 нафар қатнашчиси аниқланади
Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган жаҳон кубоги 1/2 финалининг 2-тур ўйинлари ортда қолди.
Кеча ўтказилган ярим финалнинг 2-тур ўйинларида ҳам 1-турда бўлгани сингари Нодирбек Ёқуббоев —Жавоҳир Синдоров ҳамда Андрей Есипенко – Вэй И ўртасидаги баҳсларда дуранг қайд этилди.
Хўш, мукофот жамғармаси 2 миллион АҚШ долларидан иборат жаҳон кубоги мусобақаларининг бугунги ярим финал баҳсларида кимларга омад кулиб боқади?
Бугун, 23 ноябрь куни ушбу жуфтликлар ўртасида ярим финалнинг ҳал қилувчи баҳслари - тай-брек ўйинлари натижасига кўра, финалчилар ва 3-ўринга даъвогарлик қиладиган шахматчилар номи маълум бўлади.
Эътиборли жиҳати, айнан бугун 1/2 финалнинг тай-брек мусобақасида зафар қучган шахматчилар жаҳон шахмат тожи учун 2026 йилнинг апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган даъвогарлар турнирида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритса, 3-ўринда курашадиганлар даъвогарлар турнирининг сўнгги йўлланмаси йўлида баҳслашади.
Жаҳон кубогининг финал ва 3-ўрин мусобақалари 24-26 ноябрь кунлари ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақалар бугун кунинг иккинчи яримида Тошкент вақти билан соат 14:30 да бошланади.
Т.Рўзиев, ЎзА