Ёш иқтидорлар маскани
Мамлакатимизда спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз маҳорат ва салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, замонавий, муҳташам спорт иншоотлари уларнинг ихтиёрида.
Андижон вилояти гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида ҳам барча имкониятлар яратилган. Шу боис, кейинги йилларда мактаб кўплаб маҳоратли спортчиларни тайёрлаётган масканлардан бирига айланди.
Айни кунда гимнастика мактабида 57 та гуруҳда 624 нафар иқтидорли йигит-қиз спорт гимнастикаси, трамплин, акробатика ҳамда спортнинг нафис ва жозибадор тури – бадиий гимнастика билан шуғулланмоқда.
– Мактабимиз замонавий гимнастика жиҳозлари билан тўла таъминланган, – дейди мактаб директори Насибулло Мадраҳимов. – Кенг, ёруғ залларда барча қулайликлар мавжуд. Тажрибали мураббийлар болажонларнинг соғлом, гўзал ва жисмонан бақувват бўлиши учун яқиндан ёрдам бериб, гимнастиканинг ўзига хос жиҳатлари, сир-асрорларини пухта ўргатмоқда.
Бугунги кунда мактабда 26 нафар тажрибали мураббий самарали фаолият олиб боради. Уларнинг аксарияти республика ва халқаро тоифадаги мураббийлик лицензиясига эга. Мураббийларнинг билим ва малакаларини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
[gallery-28500]
– Яқинда Фарғона шаҳридаги малака ошириш курсини тамомлаб қайтдим. Малакали мутахассислар иштирокидаги курс машғулотларида фаолиятимга оид кўп нарсаларни ўргандим, назарий билим, малака ва тажрибам янада бойиди, – дейди мураббий Мавлудахон Норматова.
Гимнастика мактабида ишларнинг самарали олиб борилиши натижасида кейинги икки йил давомида 20 нафарга яқин ёшлар республика ва халқаро миқёсдаги турли мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритди.
– Жорий йилда ёшлар ўртасида спорт гимнастикаси бўйича ўтказилган мамлакат чемпионатида 3-ўринга сазовор бўлдим, – дейди мактаб ўқувчиси Абдулбосит Абдужалилов. – Ушбу натижада устозларимнинг хизмати беқиёс, қолаверса, эришаётган ютуқларимизда мактабда яратилган шароитлар муҳим омил бўлмоқда. Албатта, бу имкониятлар бизни янада улкан ютуқларга эришишга ундайди.
Ўтган йили мактабнинг ўн нафарга яқин ўқувчиси республика миқёсидаги турли мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаган бўлса, жорий йилнинг ўтган даври давомида 50 нафарга яқин ўқувчи вилоят, 10 нафарга яқин ўқувчи эса республика мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритди. Бундан ташқари, мактабнинг қатор тарбияланувчилари бугунги кунда гимнастиканинг турли йўналиш ва ёш тоифалари бўйича миллий терма жамоа аъзоси ёки аъзоликка номзод ҳисобланади.
Жумладан, жорий йилда гимнастиканинг трамплин йўналишида 9-12 ёшли болалар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Элнур Соипжонов, Исломбек Муҳаммадгадоев, Жонпўлат Гулдаев, Нурмаҳаммад Эргашбоев, акробатика бўйича 10-18 ёшли спортчилар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатида Тоҳиржон Турғунов, Хуршидбек Собиров иккинчи, гимнастика бўйича Ўзбекистон чемпионатида Абдулбосит Абдужалилов 3-ўринга сазовор бўлиб, кумуш ва бронза медаллари совриндорига айланди.
Бир сўз билан айтганда, Андижон вилояти гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби ёш иқтидорлар маскани сифатида маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, шунингдек, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол униб-ўсишларини таъминлаш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.