Ишдан бўшатиш нафақаси иш стажидан келиб чиқиб тўланади
Меҳнат соҳасидаги барча муносабатлар Меҳнат кодекси билан тартибга солинади. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси илгаригисидан ҳажм жиҳатдан 2 ярим баравар катта бўлиб, унга муҳим аҳамиятга эга бўлган кўплаб янги нормалар киритилди.
Кодексни такомиллаштиришда фаоллик кўрсатган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева билан янги кодекснинг моҳияти, унда кўзда тутилган тартиб-қоидалар хусусида суҳбатлашдик.
— Янги кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасида бир йил давомида қизғин муҳокама қилинган эди. Айтингчи, кодексни тайёрлаш жараёнида бошқа соҳа вакилларининг фикрлари ҳам олиндими, шунингдек, хорижий тажриба ўрганилганми?
— Ҳақиқатан ҳам янги кодексни тайёрлаш жараёнида Қонунчилик палатасида салмоқли ишлар олиб борилди, бир йил давомида жуда чуқур таҳлил этилди. Кодексни такомиллаштиришда нафақат депутатлар ёки қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг вакиллари, балки бошқа давлат органлари, жамоатчилик, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, шу жумладан касаба уюшмаларининг вакиллари, олимлар, экспертлар ҳам иштирок этди, албатта. Иш берувчиларнинг, шу жумладан хусусий сектор вакилларининг таклифлари ҳам инобатга олинди.

Шунингдек, кодексни ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда Жаҳон банки, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон савдо ташкилоти, Корея халқаро ҳамкорлик ташкилоти, АҚШ иш берувчилар ассоциацияси каби ўндан ортиқ халқаро ташкилотлар, 94 та Халқаро меҳнат ташкилоти Конвенциялари, 63 та давлат тажрибаси ўрганилган. 100 дан зиёд халқаро ташкилотларнинг мутахассислари, иш берувчилар, касаба уюшмалари, 500 дан ортиқ жамоатчилик ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида 76 та тадбирлар ҳамда 3 марта жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. Муҳокамалар жараёнида тушган барча таклиф-мулоҳазалар кодексни тайёрлашда кўриб чиқилди. Бу эса, ўз навбатида, пухта ва пишиқ, ҳаётий кодексни тайёрлаш имконини берди.
— Янги Меҳнат кодексида ходимларга нисбатан қўлланилаётган янги нормалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтсангиз.
— Кодексда кўплаб янги нормалар киритилган. Биринчидан, янги кодексда амалдаги кодексда назарда тутилган “Ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш” асоси чиқариб ташланди. Бу билан Президентимиз таклиф этган ғоялар, фикр-мулоҳазалар ва ташаббусларни акс эттиришга эришилди. Масалан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 июндаги фармонида ходим пенсияга чиқиши муносабати билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бир тарафлама тарзда бекор қилиш инсон ҳуқуқларига мос келмаслиги қайд этилиб, бундай тартибни бартараф этиш фикри илгари сурилган эди. Янги таҳрирдаги кодексда айнан ушбу масала ўзининг ҳуқуқий ечимини топди.
Иккинчидан, кодекснинг 130-моддасида ходимни ишга олаётганда дастлабки синов муддатлари татбиқ этилиши белгиланди. Унга асосан айрим тоифадаги ходимлар (раҳбарлар, бош бухгалтерлар) учун синов муддати 3 ойдан 6 ойгача узайтирилмоқда.
Учинчидан, кодекснинг 175-180-моддаларида ходимларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга бағишланган нормалар киритилган. Унга асосан иш берувчининг ходимларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш билан боғлиқ бўлган вакиллари ўзига ишониб топширилган ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши сабабли ўзига маълум бўлиб қолган шахсга доир маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўймаслиги шартлиги белгилаб қўйилди.
Тўртинчидан, кодекснинг 208-моддасида дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилиши белгиланди. Шунингдек, ходимлар дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунларидан оқилона фойдаланиши мақсадида дам олиш кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан бошқа кунларга кўчирилиши мумкинлиги ўз аксини топди.
Бешинчидан, кодекснинг 217-моддасида меҳнат таътилининг минимал давомийлиги календарь кунларда, яъни амалдаги 15 иш куни ўрнига 21 календарь кунини ташкил қилиши ёзиб қўйилди.
Ушбу норма айрим фуқароларда энди ҳаммага меҳнат таътили 21 кундан иборат бўларкан, деган тушунмовчиликларни вужудга келтирмоқда. Лекин ундай эмас. Яъни кодекснинг 218-моддасида ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахсларга ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга 30 календарь кун, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари хизматчиларига давомийлиги 27 календарь кун бўлган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилиши, ҳар йилги асосий узайтирилган таътиллар айрим тоифадаги ходимлар учун ҳам улар меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларига ҳамда бошқа ҳолатларга қараб белгиланиши назарда тутилган.
Бундай таътиллар олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимларнинг рўйхати ва ушбу таътилларнинг давомийлиги қонунчиликда белгиланади. Мисол учун таълим, тиббиёт соҳаси вакилларига бериладиган узайтирилган таътилларни айтишимиз мумкин. Шунингдек, қонунчиликда белгиланганидан ташқари, ҳар йилги асосий узайтирилган таътиллар бериш, ҳар йилги асосий узайтирилган таътилнинг давомийлигини унинг қонунчилик билан кафолатланган давомийлигига нисбатан кўпайтириш жамоа келишувларида, шунингдек, жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилиши мумкин.
Олтинчидан, ходимнинг иш стажига қараб ишдан бўшатиш нафақасини табақалаштириш ва бунда айнан ушбу ташкилотда ишлаган муддатини инобатга олиш белгиланди. Яъни, амалдаги Меҳнат кодексига кўра, мазкур иш берувчида 20 йил ишлаган ва қисқа муддат ишлаган ходимнинг меҳнат шартномаси бекор қилинганда, бир хил миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланар эди. Аммо бундай ечимни адолатли деб бўлмайди. Бу хорижий тажриба ва халқаро меҳнат стандартларига ҳам мос эмас. Шундан келиб чиқиб, ҳужжатда ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлиши белгиланди. Унга асосан ходимларнинг иш стажига қараб ишдан бўшатиш нафақаси ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан икки юз фоизигача тўланиши мумкин.
— Янги Меҳнат кодексида иш берувчиларга нисбатан қандай янги нормалар бор?
—Кодексда иш берувчилар учун ҳам бир қатор янги нормалар киритилган. Жумладан, иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига янада аниқлик киритилди. 24-моддада иш берувчининг ҳуқуқлари белгилаб берилган. Масалан, ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ҳамда бекор қилиш, ходимларни улар томонидан ҳам иш берувчига бевосита етказилган, ҳам бошқа шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш натижасида иш берувчида юзага келган тўғридан-тўғри ҳақиқий зарар учун моддий жавобгарликка тортиш каби ҳуқуқлари мавжуд.
Шунингдек, кодекснинг 25-моддасида иш берувчининг мажбуриятлари сифатида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномалари шартларига риоя этиши, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг оғир шакллари қўлланилишига йўл қўймаслиги, меҳнат хавфсизлигини ва шарт-шароитларини таъминлаши, ходимларга берилиши лозим бўлган иш ҳақини белгиланган муддатларда тўлиқ ҳажмда тўлаши кабилар кўрсатилган.
Янги таҳрирда яна бир янги норма – ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчилар бирлашмаларини ташкил этиш ҳамда уларга аъзо бўлиш ҳуқуқи таъминланди.
Кодекснинг 302-моддаси билан янги норма — ходимларга нисбатан хизмат текширувини ўтказиш институти киритилмоқда. Унга мувофиқ, хизмат текшируви – ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилганлиги фактини, унинг содир этилишида ходимнинг айбини, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни, иш берувчига етказилиши мумкин бўлган моддий зарарнинг хусусияти ва миқдорини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган текшириш эканлиги белгиланди.
Бундан ташқари, кодексда иш ҳақи тизими аниқлаштирилди. Бунда соатбай иш ҳақи, иш ҳақини белгилаш ва тўлаш тартибига аниқликлар киритилди. Мазкур нормаларнинг киритилиши натижасида ходимлар меҳнатига вақтбай, ишбай ёки меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа мезонларга кўра ҳақ тўланишига эришилади.
Хулоса ўрнида айтганда, миллий меҳнат бозорида иштирок этаётган миллионлаб меҳнаткашларнинг манфаатларини, шунингдек, турли хил мулкчиликка асосланган ҳолда тадбиркорлик соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга рағбатлантирувчи шароитларни яратиш, мажбурий меҳнатдан фойдаланишни чеклаш ва ходимларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга йўналтириш жуда мураккаб вазифадир.
Қабул қилинган Меҳнат кодекси Ўзбекистонда шаклланган меҳнат бозорининг ривожланиши, иш берувчилар ва ходимлар манфаатларининг уйғунлашиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашга хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди