Хитой глобал миқёсда маъқулланиш бўйича АҚШдан ўзиб кетди
“Gallup” компанияси ўтказган сўров натижасига кўра, Хитой глобал миқёсда маъқулланиш борасида АҚШдан ўзиб кетди. Ҳозир Қўшма Штатларни қўллаб-қувватлаш 31 фоизни ташкил қилмоқда.
Хитой ва АҚШ ўртасида юзага келган ҳозирги фарқ 20 йил ичидаги энг юқори кўрсаткич. Компания веб-сайтида нашр этилган маълумотга кўра, Хитойни қўллаб-қувватлаш 4 фоиз, яъни 2024 йилдаги 32 фоиздан 2025 йил 36 фоизга кўтарилган. Аксинча, АҚШ бу борада 8 фоиз кам натижа қайд этиб, 39 фоиздан 31 фоизга тушган.
Қолаверса, Американинг глобал етакчилигидан норозилик 48 фоизга чиқди. Нашр ёзишича, Қўшма Штатлар сиёсатини маъқуллаш 44 мамлакат, жумладан НАТОга аъзо кўплаб давлатларда пасайган. Айни йўналишда етакчи ҳисобланган Германиянинг АҚШга мойиллиги даражаси 39 банд пасайган.
Хитойни энг кўп қўллаб-қувватловчи давлатлар қаторига Россия, Сингапур, Тунис ва Покистон кирган.
Мазкур рейтинг “Gallup” томонидан 2025 йил давомида 130 мамлакатда ўтказилган тадқиқотга асосланган.
С.Раҳимов, ЎзА