Ҳарбий госпитал ўрнида кўп қаватли уйлар эмас, ёшлар боғи ташкил этилди
Президент ташрифидан сўнг
Самарқанд шаҳрида шундай бўлди. Шаҳар марказидаги ҳарбий госпитал бошқа жойга кўчирилармиш, деган гап чиққанда одамларда “ўрнида нима қурилар экан?” деган савол пайдо бўлди. “Албатта, кўп қаватли уй қурилади-да, атрофда қурилиш кетяптику”, деганлар ҳам кам эмасди. Кейинчалик ростдан ҳам бу ерда кўп қаватли уй қурилиши ҳақида гап-сўзлар кўпайди, айримлар ҳатто лойиҳасигача кўрганини айтди. “Ҳудудда маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган бинолар бор, уларни бузиш мумкин эмас”, деди яна бир гуруҳ самарқандликлар. Хуллас, биров у деди, биров бу деди, ўтган йил ҳудудда қурилиш ишлари бошланди. Фақат кўп қаватли уйлар эмас, истироҳат боғи қурилиши айтилди.
Самарқанд кейинги йилларда кенгайиб, йирик мегаполисга айланиб бормоқда. Шаҳар ҳудуди қўшни туманлар ҳисобига бир мунча кенгайди, янги турар жой массивлари, сайёҳлик манзиллари пайдо бўлди, ўндан ортиқ олий таълим муассасаси ташкил этилди. Бир қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолият бошлади. Яқин орада Самарқанд бир миллионли шаҳарга айланиши кутилмоқда.
[gallery-28348]
Табиийки, бундай шароитда шаҳарда яшил майдонларни кўпайтириш, янги боғ ва хиёбонлар, аҳоли дам олиш масканлари яратишга эҳтиёж ошмоқда. Шу жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон кўчасида жойлашган собиқ ҳарбий госпиталь ўрнида ёшлар креатив парки ташкил этишга қарор қилинди. Шунингдек, шаҳарнинг Ватанпарвар маҳалласи ҳудудидаги “Ватанпарвар боғи” замонавий инновацион паркка айлантириладиган, Сўғдиёна даҳасида ҳам яна бир янги истироҳат боғи ташкил этиладиган бўлди.
Хуллас, ҳарбий госпитал ўрнида 5,4 гектар майдонда замонавий ёшлар боғи ташкил этишга киришилди. Ҳудуддаги маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган бино ва иншоотлардан ёшлар учун турли тўгараклар, ўқув марказлари сифатида фойдаланиш режалаштирилди.
Президент – боғнинг илк меҳмони
Қарийб бир йил давомида ҳудудда амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари натижасида маскан кўркам боққа айланди. Бу жараёнда ҳудудда мавжуд кўп йиллик дарахтларнинг бирортаси нобуд бўлиши ёки кесилишига йўл қўйилмади, аксинча, яна юзлаб манзарали дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилди, яшил майсазорлар яратилди. Шу сабабли дастлабки пайтларда бу маскан “яшил жамоат парки” деб ҳам номланди. Аммо боғ ҳудудида асосан ёшлар учун замонавий ва рақамли кутубхона, кўп тармоқли ўқув маркази, креатив тўгараклар, сунъий интеллект, 3D моделлаштириш, робототехника ва киберспорт ўйинлари марказлари, спорт заллари ташкил этилгани учун ҳам масканга ёшлар креатив боғи деган ном берилди.
Ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташриф буюриб, мазкур боғда ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишди, йигит-қизлар билан суҳбатлашди.
– Боғнинг илк меҳмони сифатида Президентимизнинг бу ерга ташрифи, тўгараклар фаолияти билан танишиши ёшларимизга жуда катта мотивация берди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Дилфуза Азизова. – Шу ерда йигит-қизлар ўз лойиҳалари, турли тилларни ўрганаётгани, касб-ҳунар эгаллаётгани ҳақида гапириб берди, давлатимиз раҳбаридан қимматли маслаҳат ва тавсиялар олди. Шу пайтгача ёшларга мўлжалланган кўплаб лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш учун вилоят ёшлар марказидаги саноқлигина хоналардан фойдаланишга ёки турли ўқув марказларида ишлашга мажбур бўлардик. Айрим хоналаримизда бир неча киши ўтириб ишлашига тўғри келарди. Мазкур парк бу каби муаммоларимизга ечим бўлди. Ёшлар ишлари агентлигининг “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Қизлар академияси” лойиҳалари дейсизми, хорижий тилларни ўрганиш ва стартап лойиҳалар марказими, “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасими – ҳаммаси ушбу боғда жойлашди. Бир нечта ўқув марказлари, шахмат клуби ташкил этилди. Бу маскан ёшлар учун дам олиш маскани бўлиш билан бирга замонавий ахборот технологиялари ва спорт билан шуғулланиш, стартап лойиҳаларни амалга ошириш жойига айланди.
Дарвоқе, боғда “Profi deutsch” немис тилини ўқитиш ва имтиҳон маркази фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг натижасида “Telc” имтиҳон маркази Марказий Осиёда илк бор Самарқанд шаҳрида иш бошлади. Бу ерда ёшлар немис тилини ўрганиб, халқаро “Telc” сертификатини олади ва бу уларга Германияда дуал касбий таълимда ўқишини давом эттириш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имкониятини беради.
Шунингдек, боғда ташкил этилган “Алоқа банк” ва Миллий банкнинг консультатив марказлари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшлар ва уларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга яқиндан кўмаклашади.
Мураббий Дубайдан Самарқандни афзал билди
Самарқанд вилояти шахмат федерацияси янги боғдаги бинолардан бирида фаолиятини давом эттирмоқда ва бу ерда юз ўринли шахмат клуби ташкил этилди.
– Бу бизнинг орзуимиздагидан ҳам яхши жой бўлди, – дейди вилоят шахмат федерацияси ижроси директори Илҳом Эргашев. – Шу пайтгача вилоят ёшлар марказидаги биттагина хонада фаолият олиб борардик ва у ерда клуб ташкил этиш ёки тўрт-бешта ёшни тўплаб мусобақа ўтказиш ҳақида ўйлаш ҳам қийин эди. Вилоятимиз ҳокими, шахмат федерацияси раисининг эътибори, республика федерациямизнинг қўллаб-қувватлаши туфайли бугун мана шундай катта бинога, замонавий шароит ва имкониятларга эга бўлиб турибмиз. Бу ерда юз ўринли иккита зал, иккита ўқув хонаси, замонавий компьютер ва электрон доскага эга машғулот хонаси, музей учун ва мураббийлар учун хоналар мавжуд. Бугун Самарқанд шахматининг фахрига айланган жаҳон чемпионлари Жаҳонгир Воҳидов ва Афрўза Ҳамдамова хоналари ташкил этилди. Айтишим мумкинки, республикамиздаги ҳеч бир шахмат федерацияси бундай шароитга эга эмас. Ўтган ҳафтадан федерация қошида шахмат клуби фаолиятини йўлга қўйдик. Ҳозирча 20 нафарга яқин болалар машғулотларга қатнашни бошлади. Уларга малакали мураббийлар, икки нафар гроссмейстер сабоқ беради. Жуда маҳоратли мураббийимиз Алексей Барсов ҳам бор, шу пайтгача Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридаги шахмат клубида ишларди. Бу ердаги имконият, шароитлар билан танишгач, фаолиятини шу ерда давом эттиришга қарор қилди.
Бугунги кунда вилоятдаги спорт мактаблари ва ўқув марказларида ўндан ортиқ шахмат клублари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур клубларда 300 нафарга яқин ёшлар машғулотларга қатнашмоқда. Айни пайтда вилоят шахмат федерацияси жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига ҳозирлик кўрмоқда.
Чиқинди назоратидан ўқувчилар қизиқишини аниқлашгача
Боғдаги бинолардан бири сунъий интеллект ва стартаплар офиси ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда 10 нафардан ортиқ ёшлар сунъий интеллект асосида бир қатор стартаплар устида ишламоқда.
– Бу ёшларнинг барчаси замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект бўйича ўз стартап лойиҳаларига эга, шу пайтгача бир қатор лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган йигит-қизлар ҳисобланади, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг рақамлаштириш бўйича маслаҳатчиси Ансор Анваров. – Улар орасида яқинда ўтказилган “Samarkand AI hakaton” ғолиблари ҳам бор. Бу ёшлар айни пайтда вилоятимиз учун долзраб бўлган масалалар юзасидан янги лойиҳалар ишлаб чиқмоқда. Масалан, Муҳаммаджон Олимов ва Зафар Саидаҳмадов сунъий интеллект ёрдамида чиқинди ташиб кетишни бошқариш, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали баҳолаш лойиҳалари устида ишламоқда. Яна бир гуруҳ эса сунъий интеллект асосида ўқувчиларнинг фанларга қизиқиши ёки касб-ҳунар ўрганишга мойиллигини аниқлайдиган технология яратиш бўйича изланишлар олиб бормоқда. Мазкур офиснинг ташкил этилиши дастурчи ёшларимизга бир жойда ишлаб, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, янги ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш учун қулай маскан бўлди.
Боғдаги гўзал табиат ва ўзига хос ландшафт дизайни, сокинлик ва орасталик кишига завқ беради. Энг муҳими, бу ердаги муҳит, ҳар бир йигит-қизнинг ўз севган машғулоти билан шуғулланаётгани, вақтини самарали ўтказаётгани ушбу масканга даврга мос чинакам креативлик бағишламоқда.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари