Ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича шартномалар имзоланмоқда
Давлатимиз раҳбарининг раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, айниқса, алимент масалаларини тизимли ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда амалий ишлар босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.
Хусусан, Ғузор туманида бу борада самарали тизим жорий этилиб, алимент тўловчилар билан манзилли ишлаш тизими кучайтирилди.
Жумладан, 2025 йилда мажбурий ижро бюроси Ғузор туман бўлими иш юритувида мавжуд 1.714 та ижро ҳужжатларидан 753 таси тамомланди. Эътиборлиси, шундан, 602 тасини бўлим давлат ижрочиларининг ҳуқуқий тушунтиришлари натижасида оилалар ярашганлиги сабабли тамомлашга эришилди.

Бугунги кунда 1.313 нафар қарздорларнинг алимент тўловлари иш ҳақларига қаратилган.
Видеоселектор йиғилишидан сўнг Ғузор туманида ҳам алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган фуқаролар билан индивидуал ишлаш ташкил этилиб, уларнинг бандлик даражаси, касб-ҳунари, даромад манбалари атрофлича таҳлил қилинди.
Хусусан, туман ҳокими Б.Суюнов ва туман прокурори Р.Сайфиев бошчилигида тижорат банклари, ҳоким ёрдамчилари, бандлик бўлими ҳамда Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида 57 нафар алимент тўловчи фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашув давомида фуқароларнинг муаммолари тингланиб, уларни ҳал етиш бўйича аниқ йўналишлар белгиланди.
Энг муҳим жиҳатлардан бири, алимент тўловчилар билан тўрт томонлама шартнома имзоланганидир.
Ушбу ҳамкорлик – ишсиз фуқароларни ҳудуддаги корхоналарга ишга жойлаштириш, тадбиркорликка жалб қилиш ва кредит ажратиш, касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш ва хорижда юқори даромадли иш билан таъминлаш каби муҳим вазифаларни қамраб олди.
Мазкур тизим орқали алимент тўловчиларнинг даромад манбаи яратилади ва уларнинг фарзандлари учун барқарор моддий таъминот узилмаслиги таъминланади.
Шунингдек, туман солиқ инспекцияси ва прокуратура органлари билан ҳамкорликда даромадини яшириб келаётган фуқароларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятини “соядан” чиқариш чоралари кўрилмоқда. Бу эса алимент тўловларининг тўлиқ ва ўз вақтида ундирилишига хизмат қилади.
Aмалга оширилаётган ушбу тизимли ишлар натижасида алимент тўловчиларнинг қарамоғидаги болаларнинг моддий таъминоти яхшиланиши, мурожаатлар сони эса сезиларли даражада камайиши кутилмоқда.
Ғузор туманида жорий этилган мазкур янги ёндашув — фақат жазолаш эмас, балки муаммони илдизидан ҳал этишга қаратилган тизимдир. Бандлик, тадбиркорлик ва қонуний даромадни таъминлаш орқали алимент масаласига комплекс ечим берилмоқда.
Бу эса давлат сиёсатида инсон манфаатлари, айниқса, болалар таъминоти устувор йўналиш эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА