Ҳар бир мурожаат ортида эътибор ва ечим бор
Тошкент вилояти Пискент тумани Мўминобод маҳалласида аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўзининг амалий натижалари билан эътиборга молик.
Ҳозир мазкур маҳаллада 1 минг 15 та хонадон, 1 минг 704 та оила истиқомат қилади. Уларда 157 нафар ногиронлиги бўлган шахслар яшаётган бўлиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси ва бандлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Маҳаллада жорий этилган комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими айнан шу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Мазкур тизимнинг асосий афзаллиги муаммоларни жойида аниқлаш ва ҳар бир оилага индивидуал ёндашув асосида ёрдам кўрсатишдир. Йил бошидан буён маҳаллада 200 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг 90 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилгани бу тизимнинг самарадорлигини яққол кўрсатмоқда.

Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ. Жумладан, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс Жўраев Бобур давлат таъминотидаги оила сифатида рўйхатга олинган бўлиб, унга доимий равишда ижтимоий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. У бир марталик ҳамда 6 ойлик моддий ёрдамлар билан таъминланган, “Вақф” жамғармаси орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган.
Шунингдек, давлатимиз томонидан Рамазон ойи муносабати билан ажратилган имтиёзлар асосида жарроҳлик амалиётидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Ҳозирда у санаторийга юбориш учун навбатга қўйилган ва тиббий кўрикдан ўтказилган. Бу эса унинг саломатлигини тиклаш ва ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда. Оилавий барқарорликни таъминлаш мақсадида бу фуқаронинг турмуш ўртоғи Жўраева Динора касб-ҳунарга ўқитилиб, иш билан таъминланди.
Натижада оила даромади ошиб, турмуш шароити сезиларли даражада яхшиланмоқда.
Ҳозирги кунда улар тумандаги марказий шифохонанинг болалар бўлимида ишлаб келмоқда. Маҳаллада яна бир ижобий мисол сифатида Мирзаев Бобур фаолияти эътиборга лойиқ. У ижтимоий реестрда турувчи фуқаро сифатида касб-ҳунарга йўналтирилиб, бугунги кунда электр монтаж йўналишида малакали мутахассисга айланиб бормоқда.
Ҳозирда у ўз ҳовлисида енгил автомобилларга хизмат кўрсатиб, мустақил даромад манбаига эга бўлган. Бу каби мисоллар маҳаллада олиб борилаётган ижтимоий ишларнинг нафақат қоғозда, балки амалда ҳам ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
Энг муҳими, бу тизим орқали инсон қадри улуғланиб, ҳар бир фуқаронинг муаммоси эътибордан четда қолмаяпти. Мўминобод маҳалласида йўлга қўйилган комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими бугун аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашда муҳим омилга айланмоқда.
Зилола Исматова,
Мўминобод маҳалласида комплекс
ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим.
ЎзА