Гиёҳвандлик: ҳуқуқшунос аниқ таклифларни берди
Мутахассисларнинг фикрига кўра, гиёҳванд моддалар, энг аввало, инсон миясини бузади. Аввалига “бахт гормони” деб аталган дофаминни сунъий кўпайтириб, юзаки лаззат ҳиссини беради. Энг ёмони, гиёҳвандлик инсон руҳини сўндиради, ҳаёт мазмунини ҳис эттирмай қўяди. Ана шу руҳий қарамлик инсонни жиноятга етаклайди: пул учун на ўғирликдан, на фирибгарликдан, на хиёнатдан тап тортмайдиган бўлиб қолади.
Афсуски, сўнгги йилларда дунё миқёсида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи кескин ортиб бормоқда.
– Гиёҳвандлик бугун ҳуқуқ олдида ҳам энг мураккаб синовлардан бирини қўймоқда, – деди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бош юрисконсулти, 3-даражали Адлия маслаҳатчиси Наргиза Фахриддинова. – Уни фақат жазо билан енгиб бўлмайди, фақат даволаш билан ҳам тўхтатиб бўлмайди. БМТнинг 2025 йилги Жаҳон наркологик ҳисоботига кўра, дунёда наркотик истеъмолчилар сони 316 миллион кишига етди. Бу шароитда ҳуқуқшуноснинг вазифаси – ҳиссиётга эмас, аниқ ҳуқуқий механизмларга таянган самарали тизим яратишдир. Зеро, гиёҳвандликка қарши кураш – миллатнинг генофонди, репродуктив саломатлиги ва биологик келажаги учун ҳуқуқий курашдир.
Мамлакатимиз 2026 йилда бу борада муҳим қадам ташлади. Қабул қилинган ЎРҚ-1151-сонли Қонун гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир этувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни тизимлаштирди.
Қонуннинг кучли томонлари шундаки, терминологик ягоналик, тарқатувчи ва ташкилотчига нисбатан жазонинг кескинлашуви, болаларни ҳимоя қилишга алоҳида урғу ҳамда ихтиёрий топшириш жазодан озод қилиш механизмидир.
Қонунда тарқатувчи/ташкилотчи (оғир жазо) ва истеъмолчи (тиббий-ижтимоий чора устувор) ўртасидаги фарқни янада аниқлаштириш; истеъмолчига нисбатан жиноий жазодан кўра даволаш ва пробацияни биринчи ўринга қўйиш лозим.
Рағбатлантирувчи даволаш институтини жорий этишда биринчи марта тутилган истеъмолчига нисбатан жазони суд назорати остида кечиктириб, даволаниш шарти билан жавобгарликдан озод қилиш механизмини белгилаш керак бўлади. «Ихтиёрий топшириш – озод қилиш» нормасини (273, 276, 276¹, 276⁶, 276⁸-моддалар) кенгайтириш ва унинг амалда ишлашини таъминлаш лозим.
Гиёҳвандлик ишлари бўйича ихтисослашган суд ёндашуви (наркологик назорат остидаги диверсия дастурлари)ни пилот лойиҳа тарзида жорий этиб, рецидивни камайтириш керак бўлади.
Рақамли жиноятларга қарши ҳуқуқий воситани кучайтириш орқали интернет ва телекоммуникация орқали тарқатиш (қонунда оғирлаштирувчи ҳол) бўйича рақамли далиллар билан ишлаш, контентни тезкор блоклаш ва трансчегаравий ҳамкорлик тартибини аниқ норматив мустаҳкамлаш мумкин.
Реабилитациянинг ҳуқуқий мақомини белгилаш. Жумладан, соғайган шахс учун камситмаслик (анти-дискриминация) кафолати, иш билан таъминлаш ва тиббий махфийлик, реабилитация марказлари фаолиятининг ҳуқуқий ва сифат стандартини жорий этиш, таълим муассасалари, ОАВ ва маҳалланинг профилактик мажбуриятларини норматив белгилаш ҳамда барқарор молиялаштириш манбаини кафолатлаш керак.
Тиббий махфийлик орқали стигмани камайтириш, даволанишга мурожаат қилган шахс маълумотлари ҳимоясини ва бундай мурожаатнинг ўзи жиноий таъқибга айланмаслигини кафолатлаб, ихтиёрий даволанишни рағбатлантириш лозим.
Шунингдек, дори воситалари занжири устидан назоратни кучайтириш, 276¹²-модда доирасида қалбаки/сифатсиз дори ва рецепт тартибини бузишга қарши ҳуқуқни қўллашни фаоллаштириш, фармацевтика занжири устидан рақамли назоратни кучайтириш керак.
Халқаро ҳамкорликни ҳуқуқий мустаҳкамлаш орқали БМТ конвенциялари талаблари билан тўлиқ мувофиқлаштириш; ўзаро ҳуқуқий ёрдам, экстрадиция ва қўшма операциялар тартибини самарали ишлатиш муҳим саналади.
Ҳуқуқшунос сифатида айтиш мумкинки, гиёҳвандликка қарши самарали тизим – бу «жазо – даволаш – профилактика – ижтимоий тиклаш» мувозанатини ҳуқуқий нормаларда аниқ мустаҳкамлаган тизимдир. Қабул қилинган қонун – кучли пойдевор. Энди вазифа — ушбу пойдевор устида механизми ишлайдиган, инсон ҳуқуқларига асосланган ва генофондни ҳимоя қилувчи амалий тизимни қуришдир.
Зеро, ҳар бир аниқ ҳуқуқий норма ортида тирик инсон тақдири, ҳар бир тўғри қарор ортида эса – миллатнинг соғлом келажаги туради. Соғлом авлод – бу ҳуқуқни ҳимоя қиладиган энг олий қадрият.
Гулноза Бобоева, ЎзА