Гидроэнергетика соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича янги ҳамкорлик йўлга қўйилди
“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур келишув таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, гидроэнергетика соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.
Ҳамкорлик доирасида талабалар учун ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш, илмий-тадқиқот ишлари ҳамда инновацион стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, соҳада замонавий билим ва илғор тажрибаларни жорий этиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш тизимини ривожлантириш бўйича ҳам аниқ механизмлар ишлаб чиқилади.
Жамият ахборот хизматига кўра, ушбу стратегик ҳамкорлик гидроэнергетика тармоғида кадрлар салоҳиятини ошириш, илмий салоҳиятни кучайтириш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА