Фитосанитар назорат самарадорлиги ошмоқда
Сирдарё вилоятида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фитосанитар назоратини кучайтириш, карантин аҳамиятига эга зарарли организмлар тарқалишининг олдини олиш ва экспортбоп маҳсулотлар сифатини таъминлаш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Сирдарё вилоятида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фитосанитар назоратни кучайтириш, карантин аҳамиятига эга зарарли организмлар тарқалишининг олдини олиш ва экспортбоп маҳсулотлар сифатини таъминлаш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.


Анжуманда қайд этилганидек, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятдан 36 давлатга экспорт қилинган 129 минг 226 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти учун 3 минг 795 та фитосанитар сертификат расмийлаштирилди. Бу маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро фитосанитар талабларга мувофиқлигини таъминлаш ҳамда экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Фитосанитария лабораторияси томонидан 31 май ҳолатига қадар 783 та намуна қабул қилиниб, улар асосида 2 минг 349 та фитоэкспертиза ўтказилди. Таҳлиллар натижасида қишлоқ хўжалиги экинларига хавф туғдирувчи зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлар аниқланиб, уларга қарши курашиш бўйича фермер ҳамда деҳқонларга тегишли тавсиялар берилди.


Ташқи карантин назорати доирасида вилоятдаги бешта чегара масканида хизмат олиб бораётган 39 нафар инспектор томонидан импорт, экспорт ва транзит юклар қатъий назорат қилинди. Қозоғистон ва Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда ҳамда божхона постлари атрофида ўтказилган мониторинглар давомида карантин аҳамиятига эга зарарли организмларни аниқлаш мақсадида 235 та намуна таҳлилга юборилди. Натижада уч ҳолатда хавфли зарарли организмлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари зудлик билан амалга оширилди.

Назорат тадбирлари самарасида фитосанитар талабларга жавоб бермайдиган 1 минг 298 килограмм ва 2 минг 82 дона импорт маҳсулотининг мамлакат ҳудудига кириб келишига чек қўйилди. Шунингдек, “Сирдарё” чегара маскани орқали олиб ўтилмоқчи бўлган 345,7 килограмм карантин назоратидаги маҳсулотлар аниқланиб, белгиланган тартибда қайтарилди.
Ички фитосанитар мониторинг ишлари ҳам режадагидан юқори даражада бажарилди. Жорий йил учун белгиланган 245 минг 929 гектар майдон ўрнига амалда 364 минг 241 гектарда мониторинг ишлари олиб борилиб, режа 148 фоизга адо этилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари асосида 714 та ички фитосанитар сертификат расмийлаштирилди.

Иссиқхоналарда фитосанитар ҳолатни яхшилаш мақсадида ташкил этилган “Долзарб 30 кунлик” тадбири доирасида цитрус оққаноти, цитрус унли куяси, помидор куяси ва помидорнинг жигарранг буришиш вирусига қарши кенг қамровли кузатувлар олиб борилди. Зарарли организмларнинг қишловчи авлодларини йўқотиш мақсадида эса 3 минг 793 километр масофадаги дала четлари, ариқ-зовурлар ва бошқа ҳудудлар бегона ўт қолдиқларидан тозаланди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, келгусида фитосанитар хавфсизликни янада мустаҳкамлаш, лабораторияларнинг техник имкониятларини кенгайтириш, рақамли технологияларни жорий этиш ва экспортёрларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш соҳанинг устувор вазифалари бўлиб қолади.

Тадбир якунида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар берилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА