Фонд биржаси ва қимматли қоғозларга оид янги тартиб белгиланди
Адлия вазирлиги Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш тартиб-таомиллари тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.
2026 йилнинг 9 июнь куни қабул қилинган Низом фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси сифатидаги профессионал фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди.
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини амалга ошириш учун юридик шахсларга чекланмаган муддатга лицензия берилади.
Ушбу ҳужжатда лицензия талабгори учун қуйидаги лицензия талаб ва шартлари белгиланган:
– Устав фондини БҲМнинг 5 800 баравари миқдорида пул маблағи кўринишида шакллантириш;
– Устав капиталидаги улушларни жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан, норезидентларга реализация қилиш ҳамда лицензиатнинг директори ва унинг ўринбосарлари алмашишини лицензияловчи орган билан келишиш;
– Биржа товарларига талаб ва таклиф нисбати асосида уларга котировкани амалга ошириш ва бошқалар.
Лицензияловчи орган (Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги) томонидан лицензия олиш бўйича тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш, шунингдек лицензияни қайта расмийлаштирганлик учун йиғим ундирилмайди.
Лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси қабул қилинган кундан эътиборан 20 иш куни ичида қабул қилинади.
Лицензия QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади ҳамда лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Шунингдек, Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция маслаҳатчиси фаолиятини бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли органни хабардор қилиш тартиби ҳам белгиланди.
Эндиликда инвестиция маслаҳатчиси фаолиятини бошлаш учун юридик шахслар махсус ахборот тизими орқали OneID ёрдамида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига электрон хабарнома юборади.
Хабарномада ташкилот ҳақидаги асосий маълумотлар, раҳбар ва мутахассисларнинг малака сертификатлари ҳамда белгиланган талабларга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар электрон шаклда тақдим этилади. Қонунчиликда назарда тутилмаган қўшимча ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Тақдим этилган маълумотлар ахборот тизими орқали автоматик тарзда текширилади. Талабларга мувофиқ юборилган хабарнома шу куннинг ўзида қабул қилиниб, 1 иш куни ичида электрон тасдиқнома расмийлаштирилади.
Нотўғри маълумотлар тақдим этилганда, белгиланган талаблар бажарилмаганда ёки фаолиятни амалга ошириш учун қонунчиликда назарда тутилган чекловлар мавжуд бўлганда хабарнома қабул қилинмайди.
Инвестиция маслаҳатчиси сифатида рўйхатдан ўтган ташкилотнинг номи ёки юридик манзили ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ваколатли орган 10 иш куни ичида хабардор қилиниши лозим.
Шунингдек, инвестиция маслаҳатчиси фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга ошириш учун қатор талаблар белгиланди.
Жумладан, ташкилот камида 50 млн. сўм миқдорида ўз маблағларига эга бўлиши, қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари билан электрон ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлиши ҳамда ички ҳисоб ва назорат тизимини йўлга қўйиши лозим.
Шунингдек, раҳбар ва мутахассислар тегишли маълумот, иш тажрибаси ҳамда малака талабларига жавоб бериши, иқтисодий ва коррупцияга оид жиноятлар учун судланмаган бўлиши талаб этилади.
Агар инвестиция маслаҳатчиси ўз дастурий таъминотидан фойдаланса, унга бўлган муаллифлик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам мавжуд бўлиши керак.
Шербек Исломов, ЎзА