Орол денгизи билан боғлиқ экологик фалокат оқибатларини юмшатиш, Қорақалпоғистон Республикасида юзага келган экологик хавф-хатарларни камайтириш ҳамда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш масалалари давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Уч йил муқаддам давлат раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш ва инфратузилмани яхшилаш бўйича аниқ вазифалар қўйилган эди. Шу асосда мамлакатимиз вилоятлари Оролбўйи ҳудудларига бириктирилди. Хусусан, Сирдарё вилоятига Қонликўл тумани бириктирилиб, ўзаро ҳамкорлик асосида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди.

Ўтган давр мобайнида Сирдарё вилояти иштирокида Қонликўлда ҳудудни комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш ҳамда маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилди. Инфратузилмани яхшилаш, ижтимоий объектларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида муайян натижаларга эришилмоқда. Бу ҳамкорлик натижасида Қонликўл тумани босқичма-босқич фаровонлик ва имкониятлар марказига айланиб бормоқда.

Белгиланган вазифалар ижросини жойида ўрганиш мақсадида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегация Қонликўл туманига ташриф буюрди. Сафар давомида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар атрофлича кўриб чиқилди. Асосий эътибор аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, мактаблар, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектларни таъмирлаш ҳамда модернизация қилиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ташриф доирасида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг муаммолари тингланди. Оилавий бизнесни кенгайтириш, кооперация асосида ишлаш, янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишларини йўлга қўйиш бўйича амалий таклифлар билдирилди. Бу орқали маҳаллий аҳоли даромадларини ошириш ва иқтисодий фаолликни кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Сафар якунида мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида манзилли “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Асосий мақсад — Қонликўл туманида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишдир.

Сафар доирасида муборак Рамазон ойи муносабати билан ифторлик дастурхони ҳам ташкил этилди. Ушбу тадбир меҳр-мурувват ва бағрикенглик ғояларини тарғиб қилишга хизмат қилди. Делегация аъзолари аҳоли билан самимий мулоқот ўтказиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тингладилар.
Қонликўлда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳудудда ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва тадбиркорлик имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири