Ерга меҳр берган инсоннинг ризқи ҳам, баракаси ҳам мўл бўлади (+видео)
Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани азалдан деҳқончилиги, айниқса узумчилик ва боғдорчилиги билан машҳур. Бу ерда ерга меҳр қўйиш ҳаёт тарзига айланган. Давлатимиз раҳбари ҳам сўнгги йилларда боғдорчиликни ривожлантириш, деҳқонларни қўллаб-қувватлаш ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш масаласига алоҳида урғу бериб келмоқда.
Ана шундай ислоҳотлар амалда ўз самарасини бермоқда. Буни Олтиариқ тумани Повулғон қишлоғида яшовчи “Муҳаммаджон сархил узум боғлари” фермер хўжалиги раҳбари, меҳнаткаш деҳқон Воҳиджон Болтабоев фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Қишлоқ аҳли уни ҳақиқий ер эгаси деб билади. Чунки у йилнинг тўрт фаслида ҳам ер билан банд. Баҳорда бодринг экиб, эрта ҳосил олди. Айни кунларда эса унинг даласида олма ва шафтоли пишиб етилди. Бу ҳосиллар халқимиз дастурхонига етиб бормоқда.
Олтиариқда “7 ёшдан 70 ёшгача” деган таъриф бежиз эмас. Бу ерда ёшу қари деҳқончилик билан яшайди. Кимдир токзорда, кимдир боғда, яна кимдир сабзавотчилик йўналишида меҳнат қилмоқда.
Айниқса, узумчилик соҳасида янгиланишлар кўп. Янги узум навлари кўпайиб, экспорт ҳажми ортиб бормоқда. Бу эса деҳқоннинг даромади, юртнинг иқтисодий қудрати дегани.
Повулғонлик Воҳиджон Болтабоев каби фидойи инсонлар қишин-ёзин меҳнат қилиб, Президент таъкидлаганидек, ердан унумли фойдаланиш ва экспортбоп маҳсулот етиштириш орқали мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Зеро, ерга меҳр берган инсоннинг ризқи ҳам, баракаси ҳам мўл бўлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/kfxh_5sHj9c" title="Yerga mehr bergan insonning rizqi ham, barakasi ham mo‘l bo‘ladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, С.Обиджонов (монтаж), ЎзА