Экологик таълим ва маданият янги босқич сари
Шарҳ

Шу йил 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эко-маданият” умумхалқ лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорда белгиланган вазифалар мамлакатимизда экологик маданиятни ошириш, ёш авлодни табиатга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда соҳада таълим ва илмий салоҳиятни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Қарорда белгиланган мақсад ва вазифалар хусусида Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Гулчеҳра Тожибоева ЎзА мухбирига батафсил шарҳлаб берди:
— Мамлакатимизда экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни янада ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳужжат — “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида қабул қилинган Президент қарори бугунги кунда соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Мазкур қарорнинг асосий мақсади — жамиятда экологик маданиятни юксалтириш, барқарор ривожланиш тамойилларини кенг жорий этиш ҳамда бу йўналишда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини мустаҳкамлашдан иборат.
Жумладан, қарорга мувофиқ, 2026-2027 йиллар давомида республиканинг ҳар бир ҳудудида ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлайдиган 14 та “яшил” техникум фаолияти йўлга қўйилади. 2030 йилга қадар эса мазкур техникумларда 10 минг нафардан ортиқ малакали кадрлар тайёрлаш режалаштирилган. Бу эса экологик соҳадаги кадрлар эҳтиёжини таъминлашда муҳим омил бўлади.
Янги ташкил этиладиган “яшил” техникумлар ҳудудларнинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда фаолият юритади. Улар замонавий талаблар асосида қайта ташкил этилиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланади ҳамда таълим сифати оширилади. Шу мақсадда мазкур техникумлар Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига бириктирилади.
Қарорда таълим тизимида узвийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, “яшил” техникумларда ўқув жараёни университет томонидан ишлаб чиқиладиган дастурлар асосида ташкил этилади, мажбурий ва танлов фанлари белгиланади. Шунингдек, университетнинг биринчи босқичида ўқитиладиган айрим мутахассислик фанлари техникумларнинг ўқув дастурларига киритилади.
Эътиборли жиҳатлардан яна бири — иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш механизмларининг жорий этилиши. Хусусан, “яшил” техникумларда Экостипендия таъсис этилиб, ҳар йили энг фаол ва билимли ўқувчиларга муносиб рағбат берилади. Бу эса ёшларнинг таълимга бўлган қизиқишини ошириш ва уларни янги ютуқларга ундашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, инглиз тилидан В2 даражага эга бўлган ва юқори кўрсаткичларга эришган битирувчилар учун бакалавриатнинг иккинчи босқичидан ўқишни давом эттириш имконияти яратилиши таълим тизимидаги узвийликни янада мустаҳкамлайди.
Қарор доирасида экологик маданиятни оммалаштиришга қаратилган қатор ташаббуслар ҳам назарда тутилган. Жумладан, олий таълим муассасаларида “яшил кампус” лойиҳалари амалга оширилади, 2026 йил 1 майдан “10 минг қадам пиёда” ташаббуси қайта тикланади ва “Соғлом турмуш тарзи” платформаси ишга туширилади.
Ёшларнинг экологик фаоллигини рағбатлантириш мақсадида “Ёш эколог” кўкрак нишони таъсис этилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унинг турли даражаларда жорий қилиниши мактаб ўқувчиларидан тортиб, талаба-ёшлар ва халқаро миқёсда ютуқларга эришган фаол ёшларни қамраб олади.
Шунингдек, 2026-2028 йилларда экология ва иқлим ўзгариши соҳасида илмий даражага эга мутахассислар сонини 150 нафарга етказиш вазифаси белгилангани илмий салоҳиятни оширишга қаратилган муҳим қадамдир.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни тизимли равишда ривожлантиришга қаратилган комплекс ва узвий ёндашувни намоён этади. У орқали таълимнинг барча босқичлари — мактабдан тортиб техникум ва олий таълимгача бўлган жараёнлар ўзаро боғлиқ ҳолда шакллантирилиб, ягона самарали тизимга айлантирилмоқда. Бу эса нафақат малакали кадрлар тайёрлаш, балки уларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва меҳнат бозори талабларига мослаштириш имконини беради. Ёшларда атроф-муҳитга нисбатан дахлдорлик ҳиссини кучайтиради. Шунингдек, келгусида экология ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга илмий асосланган ечимлар ишлаб чиқиш имкониятини кенгайтиради. Бу эса нафақат миллий, балки минтақавий ва глобал миқёсда ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА