Дзюдочимиз Музаффарбек Тўрабоев Лозаннада эътироф этилди
Швейцариянинг Лозанна шаҳрида жойлашган Халқаро олимпия қўмитаси штаб-квартирасида жаҳон чемпионлари, олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари иштирокида ўтказилган тадбирда маҳоратли дзюдочимиз Музаффарбек Тўрабоев фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.
Дзюдо бўйича “Париж-2024” Олимпиадаси совриндори, жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиблигига эришиб, ватанимиз шарафини халқаро майдонда улуғлаган спортчимиз жаҳон спорт юлдузлари қаторида Лозаннадаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейининг фахрий меҳмонлар учун ажратилган махсус деворига ўз дастхатини муҳрлади.
Олимпия ҳаракати ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган таниқли спортчилар қаторида М.Тўрабоев катта спортдаги ютуқлари учун Халқаро олимпия қўмитаси ва Халқаро дзюдо федерацияси томонидан махсус сертификат ҳамда диплом билан тақдирланди.

Тадбир доирасида истеъдодли спортчимиз Музаффарбек Тўрабоев журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
—Дзюдо билан шуғулланиш мен учун шунчаки машғулот эмас, балки ҳаётим, меҳнатим ва катта мақсадларим йўлидаги ҳаракатим манбаси ҳисобланади. Лозаннадаги халқаро аҳамиятга эга тадбирга таклиф этилганимдан хурсандман. Тадбир доирасида Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер, Халқаро олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси аъзолари, таниқли спортчилар билан учрашдим. Улар билан суҳбатлашдим. Ўзбекистон спортида рўй бераётган катта ўзгаришлар ҳақида сўзлаб бердим. Ҳар бир учрашув янги тажриба, ҳар бир мулоқот янги руҳий қувват бўлганидан хурсандман. Истагим, келажакда нуфузли мусобақаларда муносиб натижаларга эришиш орқали Ўзбекистон байроғини янада юксалтириш. Профессионал спорт фаолиятимда янги ютуқларга эришиш, — дея фикр билдирган М.Тўрабоев
Маълумот учун, бугунгача Лозаннадаги музейнинг махсус китоблари, фахрий меҳмонлар учун белгиланган ҳурмат деворига юзлаб таниқли спортчилар ўз дастхатини қолдирган бўлса, Музаффарбек Тўрабоев ўзбек спортчилари орасида бундай шарафга эришган биринчи спортчи номини олди.
Т.Рўзиев,
ЎзА