Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гарови. ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда тақдим этади.
Карни: АҚШга боғлиқлик Канада учун “заифликка айланди”

Канада бош вазири Марк Карни мамлакатнинг АҚШ билан яқин иқтисодий алоқалари эндиликда устунлик эмас, балки “тузатилиши керак бўлган заифлик” эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, дунёдаги геосиёсий ўзгаришлар ва Вашингтоннинг савдо сиёсатидаги кескин бурилиш Канада иқтисодиётига босим ўтказмоқда.
Карни ҳукумат янги инвестицияларни жалб қилиш, савдо ҳамкорларини диверсификация қилиш ва ички иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга эътибор қаратишини билдирди. Унинг таъкидлашича, Канада ўз келажагини фақат битта шерикка боғлаб қўймаслиги керак ва ташқи босимларга чидамли иқтисодиёт қуриш зарур. Шу билан бирга, мудофаа харажатларини ошириш ва ички бозордаги тўсиқларни камайтириш режалари ҳам илгари сурилди.
Ҳурмузда кескинлик: АҚШ кемани қўлга олди, Эрон жавоб билан таҳдид қилмоқда

Қўшма Штатлар ҳарбий-денгиз кучлари Ҳурмуз бўғози яқинида Эрон байроғи остидаги юк кемасини тўхтатиб, назоратга олди. Вашингтон бу ҳаракатни блокадани бузишга уриниш сифатида изоҳлаган бўлса, Теҳрон уни “қaрoқчилик” деб баҳолаб, тезкор жавоб қайтаришини билдирди. Ҳодиса сулҳ тақдирига жиддий хавф туғдириб, музокаралар арафасида вазиятни янада кескинлаштирди.
Айни пайтда бу воқеа жаҳон энергия бозорларига ҳам таъсир қилди: нефть нархлари яна кўтарилиб, глобал иқтисодий босим кучайди. Ҳурмуз бўғози орқали дунё нефть савдосининг катта қисми амалга оширилиши сабабли ҳар қандай тўсиқ бутун бозорга таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, АҚШ делегацияси Покистонда янги музокараларга тайёргарлик кўраётгани айтилмоқда.
Экспертлар фикрича, агар томонлар муросага келмаса, нафақат минтақадаги хавфсизлик, балки жаҳон иқтисодиёти учун ҳам жиддий оқибатлар юзага келиши мумкин.
Киевда отишма: икки полиция ходими лавозимидан четлатилди
Киевдаги супермаркетда содир бўлган қонли ҳужумдан кейин икки полиция ходими ўз хизмат вазифасини бажармагани учун вақтинча лавозимидан четлатилди. Интернетда тарқалган видеоларда уларнинг воқеа жойидан қочиб кетаётгани акс этган. Ҳодиса оқибатида олти киши ҳалок бўлган, бир неча инсон жароҳат олган. Мамлакат ички ишлар вазири Игор Клименко бу ҳолатни “шармандали” деб баҳолаб, расмий тергов бошланганини маълум қилди.
Таъкидланишича, ҳужумчи қуролли шахс бўлиб, супермаркетда одамларни гаровга олган ва кейинчалик махсус операция вақтида йўқ қилинган. Расмийлар унинг руҳий ҳолати беқарор бўлганини айтмоқда. Бу нохуш воқеа ортидан патруль полицияси раҳбари ҳам истеъфога чиқди.
Мазкур ҳолат Украинада хавфсизлик тизими самарадорлиги бўйича кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Расмийларнинг қайд этишича, икки ходимнинг хатти-ҳаракатлари бутун тизимга нисбатан умумлаштирилмаслиги керак, аммо жавобгарлик муқаррар бўлади.
Испания ЕИни Исроил билан келишувни бекор қилишга чақирмоқда

Испания бош вазири Педро Санчес Европа Иттифоқини Исроил билан Ассоциация келишувини 48 соат ичида бекор қилишга чақирди. У бу баёнотни сайловолди тадбирида билдириб, Испания бу ташаббусни расман Брюсселга олиб чиқишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Испания Исроил халқига қарши эмас, аммо унинг ҳукумати ҳаракатлари Европа қадриятлари ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид деб ҳисобланмоқда.
Бу чақириқ сўнгги ойларда кучайиб бораётган дипломатик қарама-қаршиликнинг давоми сифатида баҳоланмоқда. Айрим Европа давлатлари бу позицияни қўллаб-қувватлаётган бўлса, бошқалари қарши чиқмоқда, шу боис қарор қабул қилиш осон бўлмайди. Шу билан бирга, ЕИ ва Исроил ўртасидаги савдо ҳажми катта экани сабабли бундай қарор иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, ташаббус сиёсий жиҳатдан кучли сигнал бўлса-да, аммо уни амалга ошириш учун барча аъзо давлатлар розилиги талаб этилади.
Россия - Украина низоси: вазият кескинлашмоқда

Россия томонидан Украина ҳудудига 230 дан ортиқ дрон билан йирик ҳужум уюштирилди. Чернигов вилоятидаги тунги зарба оқибатида 16 ёшли ўсмир ҳалок бўлди, яна тўрт киши жароҳат олди. Ҳаво ҳимояси тизимлари дронларнинг катта қисмини йўқ қилган бўлса-да, бир қатор объектларга жиддий зарба берилган. Шу билан бирга, Херсон ва Полтава ҳудудларида ҳам ҳужумлар қайд этилди.
Жавоб чораси сифатида Украина кучлари РФ ва вақтинча босиб олинган ҳудудлардаги ҳарбий объектларга зарба берди. Хусусан, Ростов вилоятидаги дрон ишлаб чиқариш корхонасига ҳужум қилиниб, ўқ-дори омборлари ва ҳарбий таъминот нуқталари нишонга олинган.
ЕИ ва Венгрия: келишув сари қадам

Европа Иттифоқи ва Венгрияда Петер Мадьяр бошчилигидаги янги ҳукумат ўртасида музокаралардан сўнг музлатилган маблағларни босқичма-босқич очиш бўйича келишувга эришилди. Брюссел юқори даражали делегацияни Будапештга юбориб, 10 миллиард евродан ортиқ тикланиш жамғармаси маблағларини ажратиш масаласини муҳокама қилди. Бу — ҳали расман ҳокимиятга келмаган сиёсий куч билан бундай даражадаги илк мулоқот сифатида тилга олинмоқда.
Асосий муаммо — вақт. Агар август охиригача келишувга эришилмаса, Венгрия ушбу маблағлардан бутунлай маҳрум бўлиши мумкин. Шу сабабли янги ҳукумат коррупцияга қарши кураш, суд мустақиллигини таъминлаш ва ОАВ эркинлигини кенгайтириш каби ислоҳотларни тезлаштиришга ваъда бермоқда. ЕИ томони эса бу маблағлар қонун устуворлиги ва шаффофлик талаблари бажарилган тақдирда берилишини яна бир бор маълум қилди.
Пекинда гуманоид роботлар ҳам марафонда қатнашди

Хитой пойтахти Пекинда илк бор гуманоид роботлар инсонлар билан бирга ярим марафонда иштирок этди. 21,1 километрлик масофада ўтган ушбу мусобақа робототехника соҳасидаги муҳим тажриба сифатида баҳоланмоқда. Тадбир пойтахтдаги “E-Town” технологик ҳудудида ташкил этилиб, минглаб томошабинлар роботларнинг ҳақиқий шароитда қандай ҳаракат қилишини кузатишди.
Мусобақада 20 га яқин робот иштирок этган бўлиб, “Tiangong Ultra” номли модел 2 соат 40 дақиқа 42 сония натижа билан ғолибликни қўлга киритди. Мутахассислар таъкидлашича, бу каби синовлар роботларни лабораториядан чиқариб, мураккаб ва ўзгарувчан муҳитда ишлаш қобилиятини баҳолаш имконини беради. Роботлар югуриш техникаси, мувозанат ва энергия тежамкорлигини ошириш учун профессионал спортчилар маълумотлари асосида ўқитилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА