Янги Зеландияда фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Янги Зеландия пойтахти Веллингтон шаҳрида кучли ёмғир ва сел оқимлари сабаб фавқулодда ҳолат жорий этилди. Ёғингарчилик шаҳар инфратузилмасига жиддий таъсир кўрсатиб, кўчаларни сув босган. Қарийб бир соат ичида 77 миллиметр ёмғир ёғгани қайд этилди.
Табиий офат оқибатида кўплаб автомобиллар сув остида қолди, дарахтлар қулади ва айрим уйларга жиддий зарар етди. Бир нечта мактаблар ёпилди, аэропортда эса рейслар бекор қилинди. Ҳукумат аҳолини уйда қолишга чақириб, кераксиз ҳаракатларни чеклашни тавсия қилди.
Ҳозирга қадар ўнлаб одамлар хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган. Карори туманида 60 ёшли эркакнинг бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилган. Расмийлар ҳозирча ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқлигини билдирди, аммо қидирув ишлари давом этмоқда.
Экологлар ёмғир яна давом этишини айтиб, паст ҳудудларда яшовчиларни вақтинча бошқа жойга кўчишга чақирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА