Давлат грантига муносиб фуқаролик жамияти институтларига 12,1 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилади
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда давлат ижтимоий буюртмаси танлови ғолибларини тасдиқлаш, навбатдаги давлат гранти танловини эълон қилиш, фуқаролик жамияти институтларини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар ижросини таҳлил қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг июнь ойида давлат ташкилотларининг аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ижтимоий буюртмалар бўйича давлат ижтимоий буюртмаси танлови эълон қилинган эди.

Мазкур танлов доирасида фуқаролик жамияти институтларидан 217 ариза келиб тушди.
Лойиҳаларни баҳолаш жараёнида уларнинг ижтимоий аҳамияти, амалий натижадорлиги, аҳоли эҳтиёжларига йўналтирилгани ҳамда барқарор натижаларга эришиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Муҳокама якунида 29 лойиҳа танлов ғолиби деб топилди.
Йиғилишда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги давлат гранти танловини эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Янги танлов доирасида маиший коррупциянинг олдини олишда “Навоий тажрибаси”ни оммалаштириш, одам савдоси жабрдийдаларини психологик реабилитация қилиш ва касбга йўналтириш, гиёҳвандлик профилактикасини кучайтириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ривожлантириш, муаммоли оилалар билан манзилли ишлаш, экологик маданиятни юксалтириш, муносиб меҳнат тамойилларига риоя этилишини мониторинг қилиш, ногиронлиги бўлган болалар учун нейрореабилитация хизматларини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳудудлардаги қатор маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш каби устувор йўналишларда лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилмоқда. Мазкур мақсадларни амалга ошириш учун 12,1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Йиғилишда бир қатор фуқаролик жамияти институтларининг молиявий кўмак кўрсатиш билан боғлиқ мурожаатлари ҳам кўриб чиқилди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА