Ходимнинг иш ҳақи МИБ орқали ундирилди
Қорақалпоғистон Республикаси Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2026 йил 1 июль кунги қарорига асосан “Taxiatosh neft bazasi” масъулияти чекланган жамияти Элликқалъа филиалининг ёқилғи мойлаш материаллари бўйича муҳандиси лавозимида ишлаб, ноқонуний равишда ишдан бўшатилган С.Р.ни ўз ишига қайта тиклаш ва унинг ойлик иш ҳақларини ундириш белгиланган.
Шунга қарамай, жамият томонидан ушбу суд қарорлари ижроси таъминланмаган ва ишчининг иш ҳақлари тўлаб берилмаган. Даъвогар суд қарорига асосан чиқарилган ижро варақанинг ижросини таъминлаб беришни сўраб, Мажбурий ижро бюроси Тахиатош туман бўлимига топширган ва бўлим томонидан ижро иши қўзғатилиб, ижро ҳаракатига киришилган.
Хусусан, бўлим давлат ижрочиси томонидан жавобгар муассаса бош ҳисобчисига ижро ҳужжати ижроси 15 кунлик муддат ичида таъминланиши лозимлиги, ижросини таъминламаслик жавобгарликка тортишга ва мажбурий ижро ҳаракатларига киришишга асос бўлиши ҳақида бир неча маротаба огоҳлантирилди. Шунингдек, ташкилотнинг асосий банк ҳисоб рақамлари электрон инкассо топшириқномаси орқали хатловга олинди.
Натижада, ходимнинг 25 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи тўлиқ ундирилиб, аввалги лавозимига қайта ишга жойлаштирилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири