ДАРЯ лойиҳаси доирасида Европанинг илғор моделлари ўрганилмоқда
Замонавий меҳнат бозорида катта ўзгаришлар бўлаётган бир пайтда, таълим тизими ҳам ушбу ўзгаришларга мослашиши, янги кўникмаларни шакллантириш ва мавжуд малакаларни такомиллаштириши зарур.
Шу нуқтаи назардан, ДАРЯ лойиҳаси доирасидаги халқаро семинар Ўзбекистон учун муҳим стратегик аҳамиятга эга ташаббус сифатида намоён бўлмоқда.
Мазкур семинар “Миллий малака тизимида институционал ривожланиш ва замонавий бошқарув моделлари” мавзусига бағишланган бўлиб, у European Training Foundation томонидан амалга оширилаётган ДАРЯ лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Тадбир Миллий малака тизимини ривожлантириш институти томонидан UNESCO ҳамда халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ўтказилмоқда.
Тадбир давомида кўтарилаётган масалалар кенг қамровли ва тизимли ёндашувни акс эттиради. Хусусан, миллий малака тизимининг ҳозирги ҳолатини чуқур таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимларини ишлаб чиқиш муҳим йўналишлардан бири.
Шу билан бирга, VNFIL механизмларини жорий этиш масаласи алоҳида эътиборга олинмоқда. Бу ёндашув фуқароларнинг расмий дипломга эга бўлмасдан туриб ҳам ўз кўникмаларини тасдиқлаш имконини беради ва бандлик даражасини оширишда муҳим роль ўйнайди.
[gallery-28793]
Шунингдек семинар доирасида тармоқ кенгашларининг роли, иш берувчилар ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Айниқса, микромалакалар, яъни қисқа муддатли, аниқ мақсадларга йўналтирилган таълим шаклларини жорий этиш бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берувчи инновацион ечим сифатида қаралмоқда.
Семинарнинг яна бир муҳим жиҳати, халқаро ҳамкорлик платформаси сифатида ташкил этилганида. Унда Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идоралари, иш берувчилар, малака баҳолаш марказлари билан бир қаторда, халқаро экспертлар ва донор ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
Хусусан, Италия ва Ирландия тажрибасининг тақдим этилиши Ўзбекистон учун илғор Европа амалиётларини ўрганиш ва мослаштириш имконини яратади.
ДАРЯ лойиҳаси доирасида ўтказилаётган ушбу халқаро семинар Ўзбекистоннинг миллий малака тизимини модернизация қилиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири.
У таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш, халқаро тажрибани жорий этиш ва энг асосийси инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА