Оролбўйида ўрганишлар олиб борилмоқда
Президентимизнинг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш юзасидаБош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигида Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ўрганишлар олиб борилмоқда.
Штаб аъзолари Нукус шаҳридаги Анасой маҳалласи ҳудудидаги 8-сонли оилавий поликлиникада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан хавф гуруҳига кирувчи шахслар жумладан, спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка ружу қўйган шахсларни профилактик соғломлаштириш борасида амалга оширилган ишлар тақдимоти билан танишилди. Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказини психиатр-мутахассислар билан тўлиқ таъминлаш, ходимлар малакасини доимий ошириш, қўшимча даволаниш учун ўринлар сонини ошириш, хавф гуруҳига кирувчи бироқ, “Д” ҳисобига олинмасдан қолган шахсларни аниқлаш ва соғломлаштириш, миграциядан келган шахсларни аниқлаш ва тўлиқ тиббий кўрикдан ўтилишини таъминлаш борасида топшириқлар берилди.

Жумладан, штаб аъзолари томонидан Ички ишлар вазирлиги академиясига бириктирилган Нукус шаҳридаги криминоген вазиятидан келиб чиқиб, 3 йилдан буён “қизил” тоифага кирган Турон маҳалласига ташриф буюрилиб, “маҳалла еттилиги” вакиллари билан мулоқот ўтказилди. Унда ҳудуддаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, айниқса, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан индивидуал ишлаш самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги академияси томонидан маҳаллада амалга оширилган ишлар тақдимоти билан танишилди. Унда маҳаллада жиноятчиликни қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг илдиз сабабларини бартараф этиш, аҳоли билан самарали профилактик ишларни йўлга қўйиш борасида кўрилган чора-тадбирлар таҳлил қилинди ҳамда, намуна тарзида ишлаб чиқилган “Нотинч оилаларни ўрганиш паспорти”ни бошқа ҳудудларга оммалаштиришни кўриб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди. Маҳаллада жиноятлар, коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган услубий тавсиялар ва видео роликлар намойиш этилди.

Ўрганишлар доирасида Академияга бириктирилган маҳаллаларда ижтимоий профилактика субъектлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг касбий малакасини ошириш мақсадида сайёр ўқув машғулотларини ташкил этиш, жиноятларнинг олдини олишда замонавий усул ва воситалардан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ишчи гуруҳ, ўз фаолиятини давом эттириб, Нукус шаҳридаги 55-сонли умумий ўрта таълим мактаби мисолида Қорақалпоғистон Республикасида вояга етмаганлар томонидан жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган ишлар билан танишди.

Мактабда ўқувчиларни муносиб билим олишлари учун яратилган шароитлар ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун ташкил этилган турли тўгараклар фаолияти ҳам ўрганилди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари томонидан ишланган ҳалоллик ва коррупцияга муросасизликка ундовчи қисқа роликлар намойиш этилди.
Ўрганишлар якунида ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликларни олдини олиш, дарсларга қатнашиш давомати юзасидан қатъий назорат ўрнатиш, “оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлигини самарали ташкил этиб бориш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, соҳадаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги прокурор назоратига оид амалга оширилган ишлар тақдимоти ҳамда шаҳарлараро йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳаракатини назорат қилишни рақамлаштиришга оид лойиҳани амалга татбиқ этиш ва оммалаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.