Чиқиндидан электр энергия олинади
Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили салкам беш фоизга, ишлаб чиқариш корхоналари қуввати эса 10-15 фоизга ўсиб бормоқда. Бу қувончли, албатта. Аммо ... у кутилмаган муаммолар ҳам келтириб чиқармоқда. Масалан, маиший ва қурилиш чиқиндиларини олайлик. Уларнинг ҳажми юқоридаги кўрсаткичлардан анча тез ортиб бормоқда.
Фарғона вилояти бу муаммога ечим топгандек туюлади. Хитойнинг "China Everbright International LTD" компанияси билан 2025 йилда қиймати 150 млн долларлик лойиҳа юзасидан шартнома имзоланган эди. Фарғона тумани Оқбилол қишлоғи худудидаги 10 гектар адирликда Хитой компанияси ўзининг инвестициявий сармояси асосида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш корхонасини қурмоқда.






Мутахассисларнинг айтишича, йил якунигача заводнинг биринчи босқичи фойдаланишга топширилади.
Айтиш керакки, чиқиндини қайта ишлаб турли хил қурилиш материаллари, жумладан, қувур, ўтга чидамли ғишт, суньий пол қопламалари олиниши маълум эди. Фарғонадаги лойиҳа эса чиқиндини электр энергиясига айлантирадиган ноёб завод дейиш мумкин. У қанчалар самарадор? Буни вақт кўрсатади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА