Болалар манфаатлари йўлида муҳим қадамлар
Мамлакатимизда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ҳар бир боланинг меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик муҳитида вояга етиши учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу борадаги ишлар Президентимизнинг 2024 йил 14 ноябрдаги тегишли фармони билан болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, оилавий болалар уйларини қўллаб-қувватлаш, тарбияланувчиларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда жамиятда муносиб ўрин топиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, болаларни ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш, оилага асосланган хизматларни ривожлантириш ва болалар манфаатларини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Республиканинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Тошкент вилоятида ҳам мазкур фармонлар ижросини таъминлаш юзасидан кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, вилоятда болаларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган янги хизматлар ташкил этилди.

Бугунги кунда Тошкент вилоятида Кризис маркази, “Меҳрли оила” хизмати ҳамда профессионал тутинган оила хизмати фаолият юритмоқда. Биргина Кризис маркази зўравонликдан жабр кўрган ёки зўравонлик хавфи остида бўлган болаларга тезкор ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда. Мазкур марказ орқали болаларнинг хавфсизлиги таъминланиб, уларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриляпти.
“Меҳрли оила” хизмати эса турли сабабларга кўра оилавий муҳитдан узоқлашган болаларнинг ота-онаси ва яқинлари билан муносабатларини тиклаш ҳамда имкон қадар ўз оиласига қайтариш бўйича манзилли хизматларни амалга оширмоқда. Профессионал тутинган оила хизмати орқали эса зўравонлик ёки бошқа салбий ҳолатлар хавфи мавжуд бўлган болалар профессионал тутинган оилаларга жойлаштирилмоқда. Бу эса болаларнинг муассаса шароитида эмас, оилавий муҳитда тарбияланиши ва парвариш қилинишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Тошкент вилоятида 31 та оилавий болалар уйи фаолият юритиб, уларда 67 нафар бола тарбияланмоқда. Бу кўрсаткичлар давлатимиз томонидан болаларнинг оилавий муҳитда вояга етиши, уларга меҳр ва эътибор кўрсатиш масаласига алоҳида аҳамият қаратилаётганининг амалий ифодасидир. Оилавий болалар уйларида тарбияланаётган болалар учун таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда келгусида мустақил ҳаётга тайёрланиш борасида кенг имкониятлар яратилмоқда.
Бу эса Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодасидир. Юртимизда болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг бахтли болалигини таъминлаш ҳамда ҳар бир боланинг оилада вояга етиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Зеро, болага берилган меҳр ва эътибор жамият келажагига қаратилган энг муҳим сармоядир.
Манзура Солиева,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Тошкент вилояти бошқармаси
Болалар шўбаси мудири,
ЎзА.