Бешариқнинг янги боғлари (+видео)
Бешариқ сўнгги йилларда нафақат Фарғона вилояти, балки мамлакатнинг иқтисоди бақувват ҳудудига айланди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳалар ривож топди. Тадбиркорлари дунё бозорига чиқишди.
Аммо Бешариқнинг яна бир ҳудудий рамзи бор. Бу унинг бепоён ўрик боғлари, сархил, мазаси ҳеч ерда йўқ ўрик ва қуруқ меваларидир. Бугун Бешариқнинг қуритилган ўриклари Италиядан то Польшагача, Қувайтдан то Саудиягача етиб борди. Шунга қарамай Бешариқда бошқа соҳаларда бўлгани каби ўрикчиликда ҳам тинмай изланадилар. Мана энди “Фарғонаагростар” ташкилотчилигида Туркиянинг “Фаворин” компаниясидан пакана бўйли, тезпишар, серҳосил навли ўрик кўчатларини олиб келишди. Ер тайёрланди. Томчилатиб суғориш жиҳозлари ҳозирланди. Сув ҳавзаси қурилди. Электр тортиб келинди. Кўчат ўринлари 5 метрга 3 метр жойлашувда қазилди. Кўчатлар эса совуқхонада сақлаб турилди. Яъни у уйғонишига йўл берилмади. Ниҳоят кутилган кун келди. Туман ҳокими Расулжон Жўраев, оқсоқоллар, боғбону ёш мутахассислар дуога қўл очиб, яратгандан хайрли ишга барака тиладилар. Кўчатлар бирин-кетин ерга қадала бошланди.


– Туркиялик агрономлар тавсияси билан шу ҳудуддан 35 гектар ер сотиб олдик, – дейди “Фарғонаагростар” МЧЖ директори Сардор Номонов. – Бу ерга Ҳожихалилўғли ва Кабаши навли ўрик кўчатлари экиляпти. Улар қуритилганда 2,5 килограмм ҳўл мевадан 1 килограмм туршак чиқади. Маҳаллий ўрикларимиздан эса 25 фоиз туршак чиқарди, холос.

– Аслида Ўзбекистон, Фарғона қуруқ мевалари дунё бозоридан мустаҳкам жой олаётгани бизга маълум, – дейди “Фаворин” компанияси раҳбари Биркан Буюуккупели. – Биз келтирган ўрик навларининг меваси шаклан улканлиги, қуритилганида эса кўркамлиги билан ажралиб туради. Бу боғ келгуси йилиёқ мева беради. Уч йилда ҳар тупидан ўртача 5 килограммдан ҳосил олиш мумкин. Биз уч йил давомида агрономлик хизматини кўрсатамиз.

Тажрибали боғбонлар кўчатнинг “ота-онаси”, яъни келиб чиқишини аввалроқ обдон суриштиргандилар. Ўқ томир ва гужум томирларни бир-бир кўриб чиқдилар. Кўнгиллари тўлгач, ўзлари ҳам пайкалга тушиб кетишди. Уларнинг кайфиятидан кўчатга ишонч билдиришганини сезиш мумкин эди. Зеро, илгарилари Адиробод қирлари пойига экилган кўчат ва шароитдан кўнгиллари тўлмаган.

– Адирободда ер ўта шўр, шағал ва тошлиқ. У кунора сув қўйишни талаб қиларди,– дейди фахрий агроном Махсутали Султонов. – Бу ердан умидимиз жуда катта. Туркия усулида экилган ўриклардан юқори ҳосил олиш мумкин. 3 йилдан кейин у аҳолига сотиладиган бўлса, ҳар бир ўғлимга 2 гектардан ўрикзор боғини сотиб оламиз.

“Фарғонаагростар” масъулияти чекланган жамияти бу каби серҳосил ва сархил кўчатларни вилоятнинг бошқа туманларига ҳам олиб келмоқчи.

– Бундан ташқари, Ўзбекистон туманида 100 гектар ер аукцион савдоларига чиқарилди. У ерда ҳам ҳудди шундай ўрик боғларини ташкил қиламиз. Фарғона туманида 2 гектар ерда 50 миллиард сўмлик лойиҳани амалга оширяпмиз. У ўрикни қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлашни ўзи ичига олади.
Бешариқнинг чегараолди, сув таъминоти муаммоли, аммо бўлиқ ерларида янги боққа асос солинди. Замонавий технология – томчилатиб суғориш тизими ҳали бу ерлардан мўл ҳосил олишга замин бўлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Sy-SnTnllhQ" title="Beshariqning yangi bog`lari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА