АЁҚШларда 3,75 триллион сўмлик савдо тушуми қайд этилди
Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида бир ойда 19,3 миллиондан ортиқ транзакция амалга оширилган.
Марказий банкнинг маълум қилишича, 2026 йил июль ойида автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) жами 3,75 триллион сўмлик савдо тушуми қайд этилди.
Ой давомида АЁҚШларда кунлик савдо тушуми ўртача 121 миллиард сўмни ташкил қилган. Кунлар кесимида тушумлар ҳажмида айрим ўзгаришлар кузатилган бўлса-да, умумий кўрсаткич барқарор сақланган.
Июль ойида мамлакатдаги АЁҚШларда жами 19 миллион 317 минг 5 та транзакция амалга оширилган. Бу бир кунда ўртача 623 129 та транзакцияга тўғри келади. Тўловлар таркибида банк карталари орқали амалга оширилган операциялар асосий улушни ташкил этган. Хусусан, 90,5 фоиз — 109,6 миллиард сўм банк карталари орқали, 6,6 фоиз — 7,9 миллиард сўм момент карталари орқали, 2,9 фоиз — 3,5 миллиард сўм ёқилғи карталари орқали амалга оширилган.
Келтирилган рақамлар АЁҚШларда савдо операцияларининг асосий қисми банк карталари орқали амалга оширилаётганини кўрсатади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА