Олмазорда ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти кенгаймоқда
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев раҳбарлигидаги Ҳукумат комиссияси туманга ташриф давомида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари билан танишиб, уларнинг амалга оширилиши жараёнини ўрганди.
Жумладан, “Ardent Foods” МЧЖда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватини оширишга қаратилган 15 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 35 минг тоннага етказилиб, 800 та янги иш ўрни яратилган. Айни пайтда корхона 7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда ҳамда 32 миллион долларлик импорт ўрнини босмоқда.

Чинни идишлар ишлаб чиқариш йўналишида ҳам янги қувватлар яратилмоқда. “Kar Porcelain Tashkent” МЧЖ томонидан 25 миллион долларлик хорижий инвестиция ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳа тўлиқ қувватда ишга туширилгач, йилига 50 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Шунингдек, 700 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2025 йил сентябрь ойида ишга туширилган бўлиб, иккинчи босқичини жорий йилнинг 4- чорагида якунлаш режалаштирилган.
Қурилиш саноати учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида “ALWOOD” МЧЖда ҳам 10 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида металл конструкциялар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилиб, замонавий ускуналар ўрнатилмоқда. Корхона тўлиқ қувватда ишга тушгач, йилига 300 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш ва 50 та янги иш ўрни яратиш имкониятига эга бўлади.

Ўрганиш давомида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ҳамда экспорт кўрсаткичларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳукумат комиссияси ахборот хизматига кўра, танишув якунида тадбиркорларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланиб, уларни ҳал этиш, лойиҳаларни белгиланган муддатларда амалга ошириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ўз вақтида ишга тушириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА