Аввал қишлоғи замонавий туристик ҳудудга айлантирилади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 январда қабул қилинган “Фарғона” туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Фарғона туманида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар бошланмоқда.
Жумладан, айни пайтда “Аввал” кўнгилочар туризм мажмуасини барпо этиш юзасидан таклиф ва ташаббуслар кўриб чиқилмоқда. Вилоят ҳокимлиги томонидан ташаббускор тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳалари маъқулланиб, амалий ишларга тайёргарлик кўриляпти.
Лойиҳа доирасида Аввал қишлоғида замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўнгилочар ҳамда ҳордиқ чиқариш масканлари бунёд этилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, ҳудуддаги тарихий-маданий ёдгорликлар таъмирланиб, сайёҳлар учун янада жозибадор муҳит яратилади.
[gallery-29420]
Мутахассислар фикрича, Аввалнинг табиий шароити ва туристик салоҳияти тўрт фаслда ҳам сайёҳларни жалб этиш имконига эга. Айниқса, XVII асрга оид Хўжампошшо тарихий ёдгорлиги, Ҳамза музейи, табиат қўйнидаги хиёбонлар ва дам олиш масканлари ҳудуднинг туризм имкониятларини кенгайтиради.
Шунингдек, ер остидан чиқадиган минералларга бой шифобахш сув манбалари зиёрат ва тиббий туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Маълум қилинишича, ҳозирда ҳудудда 120 дан ортиқ тадбиркор турли йўналишларда фаолият юритмоқда. Янги лойиҳа доирасида дам олиш масканлари, умумий овқатланиш шохобчалари, сайлгоҳлар, воркаут майдончалари, маиший хизмат объектлари, спорт комплекси, меҳмонхона, автотураргоҳ ҳамда савдо нуқталарини ўз ичига олган замонавий инфратузилмани шакллантириш кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳудуднинг туристик жозибадорлигини ошириш билан бирга, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА