Курорт ва экотуризм салоҳияти оширилади
2026 йил 14 майдаги ЎРҚ–1145-сон қонун билан "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида"ги қонунга қўшимча киритилди.
Қўшимчага кўра, экологик тоза ҳудудларда курорт табиий ҳудудлар ва рекреация зоналари режимида белгиланган чекловлар ҳамда тақиқлар билан бир қаторда қуйидагилар тақиқланади:
-Экологик тизимларнинг барқарорлиги бузилишига ва табиий ландшафтларнинг кўриниши ҳамда ер ости сувларининг гидрогеологик ҳолати ўзгартирилишига олиб келадиган ишларни амалга ошириш;
-Табиий объектларга ва мажмуаларга салбий таъсир қилувчи саноат объектларининг қурилиши ва фаолият кўрсатиши;
-Рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган пластик маҳсулотларнинг (бундан табиий органик полимер маҳсулотлар мустасно) ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши (етказиб берилиши ва сотилиши).
Экологик тоза ҳудудларда давлат экологик экспертизасининг хулосаси асосида аниқланган муҳофаза этиладиган табиий объектлар ва мажмуаларга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа фаолият турлари тақиқланади.
Шербек Исломов, ЎзА