35 йилликка — 35 хайрли ташаббус
Янги ўқув йили арафасида ҳар бир ота-она фарзандининг мактабга қувонч билан боришини истайди. Аммо барча хонадонда ҳам бу қувончнинг ташвиши бир хил эмас. Айрим оилалар учун мактаб формаси, ўқув қуроллари, ҳатто фарзандининг оддий эҳтиёжларини таъминлаш ҳам салмоқли юк.
Шундай пайтда кўрсатилган амалий кўмакнинг қадри янада баланд бўлади. Чунки у боланинг қўлига дафтар ёки сумка тутқазиш билан чекланмай, аввало, унинг янги ўқув йилини ишонч ва қувонч билан бошлашига кўмак беради.
Жиззах шаҳридаги Ёшлар инновацион марказида “35 йилликка — 35 хайрли ташаббус” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбир шу жиҳати билан аҳамиятли бўлди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига мактаб формалари ва зарур ўқув анжомлари беғараз топширилди.
Ёшларга тикув машиналари ва компьютер жамланмаларининг берилиши эса ташаббуснинг яна бир муҳим жиҳатини очиб берди. Зеро, ҳақиқий кўмак инсоннинг бугунги эҳтиёжини енгиллатиш билан бирга, эртанги кунига ҳам йўл очса, янада қадрли бўлади. Касб ўрганиш, меҳнат қилиш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш учун яратилган имконият ёшни тайёр ёрдам кутиб яшашдан кўра, ўз кучига таянишга ундайди.
Бу — ижтимоий ҳимоя мазмуни тобора бойиб бораётганидан далолат. Энди эҳтиёжманд оилага фақат моддий ёрдам беришнинг ўзи кифоя эмас. Инсоннинг қобилиятини рўёбга чиқариш, фарзандининг таълими учун муносиб шароит яратиш, ёшнинг касб эгаллашига кўмаклашиш ҳам шу сиёсатнинг муҳим қисмига айланмоқда.
Мазкур ёндашув давлат сиёсатининг устувор вазифалари билан ҳам уйғун. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24-декабрдаги “2026 — 2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз ва ҳар томонлама қулай таълим муҳитини яратиш, эҳтиёжманд болалар билан манзилли ишлашга қаратилган вазифалар белгиланган. Унинг ижроси доирасида таълим муассасаларида болалар учун хавфсиз муҳитни шакллантириш, уларни ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.
[gallery-31054]
Жиззахдаги хайрли ташаббуснинг аҳамияти ҳам ана шу нуқтада яққол кўринади. Чунки боланинг таълимига кўмак бериш — унинг бугунини эмас, келажагини ўйлашдир.
Тадбир доирасида ўтказилган маънавий-маърифий учрашувлар, тинчлик ва осойишталикни асраш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадриятларга ҳурмат ва меҳр-оқибатни кучайтиришга қаратилган мулоқотлар ҳам моддий ёрдамнинг маънавий мазмунини бойитди.
Ахир, болага форма бериш мумкин, аммо унга Ватанга муҳаббатни совға қилиб бўлмайди. Бу туйғу эътибор, тарбия ва ибрат билан қалбга сингади. Шунинг учун эзгу ташаббуснинг энг катта самараси тарқатилган совғалар сони билан эмас, инсон қалбида уйғотган ишонч ва умид билан ўлчанади.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя ҳам ана шундай амалий ишлар орқали мазмун касб этади. Ягона халқ бўлиш — бир-биримизга бефарқ бўлмаслик, эҳтиёжманд хонадонни қўллаб-қувватлаш, ёшга имконият бериш, боланинг орзусига йўл очиш демакдир.
Янги ўқув йилининг қувончи ҳам шунда. Мактаб остонасига қадам қўяётган ҳар бир бола ўзини тенгдошлари қаторида ҳис этсин, билим олишга иштиёқи сўнмасин, ота-онаси эса фарзандининг келажагига ишонч билан қарасин.
Зеро, бир боланинг кўзида пайдо бўлган қувонч — бир хонадоннинг қувончи. Бир ёшга берилган имконият эса эртанги жамият тараққиётига қўшилган ҳиссадир.
Эзгуликнинг энг катта кучи ҳам шунда — у бир инсондан бошланиб, бутун жамиятга нур таратади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари