Замонавий талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Гулистон давлат педагогика институтида талаба-ёшлар учун мўлжалланган янги, замонавий талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди. 400 ўринга мўлжалланган мазкур беш қаватли иншоот институтда таълим олаётган ёшларнинг яшаш шароитларини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
Янги ўқув йили олдидан мамлакатимизда олий таълим муассасаларининг инфратузилмасини ривожлантириш, талабалар учун муносиб яшаш ва таълим олиш муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар доирасида қатор ҳудудларда янги ўқув бинолари, талабалар турар жойлари ва бошқа зарур объектлар барпо этилмоқда.
Ана шундай лойиҳаларнинг навбатдагиси Гулистон давлат педагогика институтида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилди. “MEGAMIR STROY 55” МЧЖ томонидан қурилган иншоотнинг умумий қиймати 32 миллиард сўмни ташкил этади.
Янги масканнинг очилиш маросими республикада бир вақтнинг ўзида бир нечта олий таълим муассасаларида янги объектларни фойдаланишга беришга бағишланган тадбир доирасида ўтказилди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети марказий майдон сифатида белгиланган тадбирда онлайн телекўприк орқали Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Самарқанд, Навоий, Наманган, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги олий таълим муассасалари билан мулоқот ўрнатилди.
Гулистондаги тадбирда институт ректори Жаҳонгир Каршибаев, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, профессор-ўқитувчилар, нуронийлар, талабалар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
[gallery-31062]
Беш қаватли талабалар турар жойида ёшларнинг кундалик эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда зарур шарт-шароитлар яратилган. Бундай муҳит талабаларнинг дарсдан кейинги вақтини самарали ташкил этиши, мустақил таълим билан шуғулланиши, китоб мутолаа қилиши, илмий ва ижодий изланишларга вақт ажратиши учун қўшимча имконият беради.
Институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нурбек Аяқулов янги масканнинг аҳамияти хусусида тўхталар экан, талабалар учун яратилган шароитлар уларнинг таълим ва илмий фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.
— Талабалар турар жойининг фойдаланишга берилиши ёшлар учун муносиб яшаш муҳитини шакллантириш билан бирга, уларнинг таълим ва илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилади. Бу ерда талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, мустақил таълим олиши, илмий изланишлар олиб бориши учун зарур имкониятлар мавжуд. Айниқса, илм-фан ва инновацияларга қизиқувчи ёшлар учун қулай муҳит яратилиши муҳим. Чунки талаба ўзини қанчалик эркин ва қулай ҳис қилса, унинг билим олиш, изланиш ва янги ғоялар устида ишлаш имконияти ҳам шунчалик ортади, — дейди институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нурбек Аяқулов.
Янги турар жой, аввало, бошқа ҳудудлардан келиб таҳсил олаётган талабалар учун катта қулайлик яратади. Улар энди таълим муассасасига яқин ҳудудда замонавий шароитда яшаб, ўқув жараёнига тўлиқ эътибор қаратиш имкониятига эга бўладилар.
Мутахассис тайёрлаш сифати фақат аудиториядаги таълим жараёни билан эмас, балки талаба учун яратилган умумий муҳит билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, янги турар жойнинг барпо этилиши Гулистон давлат педагогика институтининг таълим инфратузилмасини кенгайтириш, талабаларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имкониятларни оширишга хизмат қилади.
Айни пайтда мамлакатда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва илмий салоҳиятини намоён этиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Гулистондаги мазкур янги маскан ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий натижаларидан бири бўлиб, 400 нафар талаба учун қулай яшаш муҳитини таъминлайди.
Зеро, замонавий таълим инфратузилмаси — малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим таркибий қисми. Бугун талаба учун яратилган қулай шароит эртага унинг билим ва салоҳиятини мамлакат тараққиёти йўлида самарали намоён этишига имкон беради.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА