1 апрелдан янги тизимда тўловларда муаммо бўлса, қаерга мурожаат қилиш керак?
1 апрелдан айрим йирик тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш тартиби жорий этилиши муносабати билан фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ишонч телефон рақамлари ташкил этилди. Бу ҳақда Марказий банк ҳамда Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Хабарда қайд этилишича, янги тартиб асосида тўловларни амалга оширишда банк тизимида узилишлар ёки банк карталари орқали ҳисоб-китобларда ноқулайликлар юзага келса, фуқаролар ҳудудий ишонч рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Хусусан, банк карталари орқали тўлов ўтказишда муаммо юзага келганда, банк иловалари ишламаганда, нақдсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишда техник носозликлар кузатилганда, тўлов қабул қилиш тизимида узилишлар бўлганда мурожаат қилиш тавсия этилади.

Шунингдек, фуқаролар учун қўшимча имкониятлар ҳам сақланиб қолмоқда. Жумладан, картага нақд пулни банкоматлар орқали, банк филиаллари орқали, инфокиосклар орқали киритиш мумкин.
Расмийларга кўра, мазкур чоралар нақдсиз тўловлар тизимига босқичма-босқич ўтиш даврида фуқаролар ва тадбиркорлар учун қулайлик яратиш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган техник муаммоларни тезкор бартараф этишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдиси каби айрим йирик битимларда ҳисоб-китобларни банк орқали амалга ошириш тартиби жорий этилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА