Зомин — халқаро эътибор марказида
Президент қарори ижроси амалда
Жиззах вилоятининг Зомин тумани сўнгги йилларда нафақат мамлакат, балки халқаро туризм харитасида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётган ҳудуд сифатида яна бир бор эътироф этилди. “БМТ Туризм” бош котиби Шайха Носир Ал Новайс хонимнинг ташрифи бу фикрнинг амалий тасдиғи бўлди.

Ташриф доирасида нуфузли меҳмон Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев билан учрашиб, ҳудудда туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, янги туристик йўналишларни шакллантириш, хизмат кўрсатиш сифатини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилди. Суҳбат чоғида вилоят туризм брендини жаҳон майдонида фаол тарғиб этиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда инвестициявий лойиҳаларни кенгайтириш устувор вазифалар сифатида белгилаб олинди.
Мамлакатимизда туризмни стратегик тармоқ сифатида ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳада мутлақо янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар — ҳудудларнинг туризм салоҳиятини тўлиқ очиш, инфратузилмани яхшилаш, миллий маданий меросни кенг тарғиб қилиш каби йўналишлар Зомин мисолида ўзининг амалий ифодасини топмоқда.

Шайха Носир Ал Новайс хоним ташриф давомида Зоминнинг бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси, тоғли ҳудудлари ва замонавий дам олиш масканлари билан яқиндан танишди. “Зомин дор йўли” орқали тоғ бағрига саёҳат қилиб, “Бахт кўприги”дан атроф-муҳитни кузатди, Суффа платосида туристлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Бу каби объектлар ҳудуднинг нафақат ички, балки халқаро туризм бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Ташрифнинг энг таъсирли жиҳатларидан бири — меҳмоннинг Дуоба маҳалласида ўтказилган Наврўз сайлида иштирок этгани бўлди. Миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва бой маданий меросимизни ўзида мужассам этган ушбу халқ байрами хорижлик меҳмонда унутилмас таассурот қолдирди. “Зомин сайқали” фольклор-этнографик халқ ансамбли ижросидаги куй-қўшиқлар, лапар ва рақсларни завқ билан томоша қилди.

Миллий ҳунармандчилик намуналари — каштачилик, ипакчилик ва қадимий гилам тўқиш жараёнлари меҳмонда алоҳида қизиқиш уйғотди. Айниқса, сумалак тайёрлаш маросимида иштирок этиб, тинчлик ва дўстлик йўлида ният қилиш анъанасига амал қилгани тадбирга янада теран маъно бахш этди.
Наврўз дастурхонидаги Зомин қозон патири, “Зомин тандири” ва бошқа миллий таомлар эса ҳудуд гастрономик туризм салоҳияти ҳам юксак эканини яққол намоён этди. Меҳмон уларга юқори баҳо бериб, миллий таомлар орқали халқнинг маданияти, анъаналари ва меҳмондўстлиги бутун жозибаси билан намоён бўлишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, у ўзбек миллий ўйини — “Беш тош”ни қизиқиш билан кузатиб, уни амалда синаб кўришга ҳам ҳаракат қилди. Бу каби оддий, аммо мазмундор халқ ўйинлари ҳам туризмнинг ўзига хос жозибасини оширувчи муҳим омиллардан бири экани яққол кўринди.
Ташриф давомида Шайха Носир Ал Новайс хонимга Зомин тумани ҳокими Шуҳрат Абдуғаниев, Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Сардор Шукруллаев ва бошқа мутасаддилар ҳамроҳлик қилишди.

Умуман олганда, мазкур ташриф Зоминнинг туризм салоҳияти халқаро миқёсда эътироф этилаётганини, ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил ва самарали кечаётганини кўрсатди. Энг муҳими, бу — Президент фармонларида белгиланган вазифалар жойларда амалда ижросини топаётганининг яна бир ёрқин далилидир.
Абдужалол Қаюмов (сурат), ЎзА