Туризм соҳасида янги ҳамкорлик босқичи
Мамлакатимизда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш ва халқлар ўртасидаги яқинликни кучайтириш бугунги ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган.
Шу маънода, Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари ўртасида жорий йилнинг 11 апрель куни Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган учрашув муҳим аҳамият касб этди. Олий даражадаги мулоқот давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик билан бир қаторда, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш юзасидан ҳам қатор келишувларга эришилди.

Мазкур келишувлар қисқа вақт ичида амалий натижаларни бера бошлади. Жумладан, жорий йилнинг 25–26 апрель кунлари Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти делегациясининг “Айғақ” телерадиокомпанияси вакиллари билан биргаликда Бухоро вилоятига ташрифи ташкил этилди.

Ташриф давомида меҳмонлар Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор меъморий обидалари ва кенг туристик имкониятлари билан яқиндан танишди. Делегация аъзолари муқаддас қадамжолардан бири бўлган Баҳовуддин Нақшбанд мажмуаси, асрлар шоҳиди саналган Арк қалъаси, улкан тарихий аҳамиятга эга Пойи Калон, шарқона муҳит ва гўзалликни ўзида мужассам этган Лаби Ҳовуз мажмуаси ҳамда ҳунармандчилик марказларини катта қизиқиш ва ҳавас билан томоша қилди.

Бундай ташрифлар оммавий ахборот воситалари иштирокида ташкил этилаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, медиа вакиллари орқали Бухоронинг туристик салоҳияти янада кенг аудиторияга етказилади, тарихий шаҳарнинг жозибаси қўшни мамлакат аҳолисига тарғиб этилади.
Маълумки, Бухоро азалдан цивилизациялар чорраҳаси, илм-фан ва маданият маркази сифатида жаҳон аҳлини ўзига жалб қилиб келган. Бугунги кунда эса шаҳарда амалга оширилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари, замонавий меҳмонхона ва сервис хизматлари, қулай инфратузилма унинг туристик имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Туркистон вилояти делегациясининг Бухорога ташрифи икки давлат ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларининг амалий ифодаси бўлди. Энг муҳими, Бухоронинг халқаро туристик марказ сифатидаги нуфузи янада юксалишига мустаҳкам замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.