Зиёрат туризми: Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Тожиев Туркиянинг “HUITM (Umrah Plus Uluslararası Turizm Marketi)” компанияси ижрочи директори Ҳакан Шаҳин билан учрашув ўтказди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, зиёрат туризмини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида халқаро туризм бозорида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан, "Умра" зиёратини ташкил этишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Томонлар Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим транзит хаб сифатида ривожлантириш, хорижий зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш ва хизматлар сифатини ошириш бўйича фикр алмашди.
Шунингдек, халқаро кўргазмаларда амалий ҳамкорликни кучайтириш, жумладан Жакарта, Тошкент, Истанбул, Куала-Лумпур ва Марокаш шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган тадбирларда фаол иштирок этиш, B2B учрашувлар ташкил этиш ва тарғибот материалларини тайёрлаш, МДҲ давлатларидан келаётган зиёратчилар учун транзит имкониятларини кенгайтириш, хусусан Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари учун Ўзбекистон орқали саёҳатларни ташкил этиш, уларни камида бир кунлик маданий-туристик дастурлар билан қамраб олиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олди ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА