Ўзбекистон – Покистон туризм алоқалари янги босқичда
Ҳозирда туризм соҳасида хорижий инвесторларни жалб қилиш, янги ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни мустаҳкамланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раисининг Покистоннинг йирик ишбилармон доиралари вакиллари билан ўтказган учрашуви икки томонлама алоқаларда муҳим қадам сифатида эътироф этилади.
Мазкур учрашувда “Habib Rafiq Ltd. (HRL Group)” компанияси ижрочи директори Абид Чима бошчилигидаги делегация иштирок этди. HRL Group Покистонда инфратузилма, қурилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда катта тажрибага эга бўлиб, унинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши туризм инфратузилмаси ривожига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Музокаралар давомида бир қатор устувор йўналишлар муҳокама қилинди. Аввало, саргузашт (adventure) туризмини ривожлантириш масаласи алоҳида эътибор марказида бўлди. Бугунги кунда глобал туризм бозорида айнан фаол дам олиш, тоғ-спорт, экстремал йўналишларга талаб ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг табиий ландшафтлари хусусан, тоғлар, чўллар ва тарихий ҳудудлар бу борада катта салоҳиятга эга. Покистон тажрибаси билан ҳамкорлик қилиш эса ушбу йўналишни янада тизимли ривожлантириш имконини беради.
Шунингдек, халқаро спорт мусобақаларини ташкил этиш ташаббуси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Покистон, Бангладеш ва Ҳиндистон каби давлатлар иштирокида ўтказилиши режалаштирилаётган мусобақалар нафақат спорт туризмини ривожлантиради, балки минтақавий интеграцияни ҳам кучайтиради.
Зиёрат туризми йўналиши ҳам учрашувда муҳим ўрин эгаллади. Ўзбекистон ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида бой тарихий мерос объектларига эга. Покистон аҳолиси учун бу масканлар диний ва маънавий аҳамиятга эга.
Инвестициявий жиҳатдан эса, Покистон компаниялари иштирокида замонавий меҳмонхоналар ва кўнгилочар парклар қуриш режалари муҳокама қилинди. Бу лойиҳалар нафақат туризм инфратузилмасини яхшилайди, балки янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудий ривожланишни рағбатлантиришга ҳам хизмат қилади.
Умуман олганда, ушбу учрашув Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Саргузашт ва зиёрат туризми, спорт тадбирлари, медиа ҳамкорлик ҳамда инвестиция лойиҳалари каби йўналишлар икки томонлама манфаатларни уйғунлаштиради. Келгусида ушбу ташаббусларнинг амалий лойиҳаларга айланиши Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада очиб бериши, уни минтақадаги етакчи сайёҳлик йўналишларидан бирига айлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА