Ёшлар билан ишлаш аниқ натижага қаратилган
Ёшлар – келажак бунёдкорлари. Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда улар билан ишлашнинг мутлақо янги ва самарали тизими шакллантирилди.
Жорий йил 24 февраль куни давлатимиз раҳбари ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, мазкур йўналишдаги ишларга янги босқични бошлаб берди. Унда ёшлар учун қатор имконият ва имтиёзлар эълон қилинди. Бу эса эртанги кун эгаларининг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларни янада фаол ва ташаббускор бўлишга ундаётгани билан аҳамиятлидир.
Учқудуқ тумани ҳокими Учқун Елмуратов ҳамда масъул раҳбарлар маҳалла, мактаб ва техникумларда бўлиб, ёшлар билан учрашувлар ўтказмоқда. Уларда ёшларнинг таклиф ва муаммолари тингланиб, уларни ҳал этиш, зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Айтим маҳалласида яшовчи Гўзал Нуриллаева ўз ишини бошлаш истагини билдириб, имтиёзли кредит олиш юзасидан мурожаат қилди. Йўлчилар овулидан Динара Алиевага “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағи ҳисобидан тикув машинаси олиб берилган. Туман раҳбари билан учрашувда фаолиятини кенгайтириш, овул аҳолисига сифатли хизмат кўрсатиш ва шогирд қизларни тикувчиликка ўргатиш режаси борлигини билдирди.
Ҳар иккала мурожаат ҳам ижобий ҳал этилиб, уларга имтиёзли кредит бериладиган бўлди.
Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган учқудуқлик ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда 14 нафар ёш иштирок этди. Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда ёшларнинг муаммо ва таклифлари тингланди. Уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда тадбиркорликка жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунида 3 нафар ёш туман қўриқлаш бўлимига ишга жойлаштириладиган бўлди.
Спорт ёшларнинг севимли машғулотларидан бири. Учқудуқ туманида ёшларнинг ўзлари ёқтирган спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилган. Бугунги кунда “Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуаси, туман спорт мактаби, ўқув муассасаларида жами 23 та спорт зали ёшлар ихтиёрига берилган. 206 та секция ва тўгарак фаолият юритиб, уларда 5883 нафар ўғил-қиз спорт билан шуғулланади.
18-мактаб ертўласида фаолияти йўлга қўйилган кураш зали учқудуқлик ёшлар учун туҳфа бўлди. Зарурий жиҳозлар билан жиҳозланган кураш залида бир вақтнинг ўзида 30 нафар ёшнинг спорт билан шуғулланиш имконияти яратилган.
Бундан ташқари ёшлар ўртасида “Заковат”, “Бир ҳафтада – бир китоб” интеллектуал ўйинлари, “Уч авлод” учрашуви, турли спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Учқудуқ туманида жойлашган ҳарбий қисмда бўлиб ўтган ʻʻРаҳбар ва ёшлар” учрашуви ва қурол-аслаҳалардан иборат кўргазма эса ёшларнинг ҳарбий бўлиш истагини яна бир бора оширди.
Албатта, ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиши бежиз эмас. Уларни қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишида, тўғри йўлни танлашида ёрдам бериш эса барчанинг асосий вазифаларидан биридир.
А. Бўриев, ЎзА мухбири