Шўрхок ерда “ширин картошка”
Жиззах вилояти Арнасой туманидаги шўрхок ер майдонларида илк бор батат — юқори қийматли ва экспортбоп экин турини етиштириш ишлари бошланди. Бу ташаббус “BMB Holding” таркибидаги “BMB Agro” корхонаси томонидан қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш доирасида амалга оширилмоқда.
Маълумки, батат (Ipomoea batatas L.) жаҳонда кенг тарқалган, озиқавий қиймати юқори бўлган экин ҳисобланади. Унинг асл ватани Марказий ва Жанубий Америка ҳудудлари бўлиб, айниқса, Перу ва Мексикада қадимдан етиштириб келинган. Бугунги кунда эса Хитой, Ҳиндистон, Индонезия ва Африка мамлакатларида йирик ҳажмларда парваришланиб, глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Халқаро озиқ-овқат ташкилотлари маълумотларига кўра, батат таркибидаги витаминлар, айниқса, A витаминига бойлиги уни парҳезбоп ва соғлом маҳсулот сифатида ажратиб туради.

Арнасойда экилаётган бататнинг маҳаллий ва интродукция қилинган навлари корхонанинг замонавий иссиқхоналарида етиштирилган кўчатлар асосида амалга оширилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур экин шўрхок ва кам унумдор ерларда ҳам яхши ҳосил бериш хусусиятига эга бўлиб, бу эса ундан самарали ер ресурсларини ўзлаштиришда муҳим омил сифатида фойдаланиш имконини яратади.

“BMB Holding” илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори Бумайрам Усмонованинг қайд этишича, бататнинг вегетация даври 90-120 кунни ташкил этади. Туганакларининг ўртача вазни 480-560 граммгача етади, товарбоп ҳосил улуши эса 97 фоиздан юқори. Бундай кўрсаткичлар уни фермерлар учун юқори даромад келтирадиган истиқболли экинлар қаторига қўшади.
Халқ орасида “ширин картошка” номи билан танилган батат нафақат озиқ-овқат сифатида, балки қайта ишлаш саноатида ҳам кенг қўлланилади. Ундан биоэтанол, крахмал, кондитерлик ва консерва маҳсулотлари ишлаб чиқариш мумкин. Шу жиҳатдан, мазкур лойиҳа мамлакатда қишлоқ хўжалиги диверсификациясини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи ва рақобатбардош маҳсулотлар ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Мутахассислар фикрича, бататни вегетатив усулда кўпайтириш имконияти уни қисқа муддатда оммалаштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришда қўл келади. “BMB Agro” корхонаси келгусида мазкур экин майдонларини босқичма-босқич кенгайтириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш ва юқори ҳосилдор навларни амалиётга татбиқ этишни режалаштирмоқда.
Бу ташаббус шўрхок ерлардан самарали фойдаланиш, янги турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жорий этиш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири