Ёпиқ муассасалар: муаммо ва ечимлар
Жиззах вилоятидаги ёпиқ (эркин кириб-чиқиш чекланган, назоратдаги) муассасалар фаолияти юзасидан ўтказилган мониторинг нафақат мавжуд шароитларни, балки тизимдаги долзарб муаммоларни ҳам очиб берди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг минтақавий вакили томонидан ўтказилган ўрганишлар доирасида вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, манзил-колониялар, реабилитация марказлари, махсус қабулхоналар ва тиббиёт муассасалари қамраб олинди.
Мониторинг шунчаки кўздан кечириш эмас, балки инсон ҳуқуқлари қай даражада таъминланаётганини баҳолашга қаратилди. Ётоқхоналар, ошхона ва тиббиёт бўлимлари, мулоқот хоналари ҳамда видеокузатув тизимлари атрофлича таҳлил қилинди.

Натижалар қатор жиддий камчиликларни юзага чиқарди. Жумладан, айрим ҳолатларда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган фуқароларнинг (асосан реабилитация марказларига жойлаштирилган шахслар) ҳисобини юритиш ва ҳуқуқий мақомини расмийлаштиришда муаммолар борлиги аниқланди. Бу эса келгусида ҳужжатларни расмийлаштиришда ҳуқуқий қийинчиликларга олиб келиши мумкин.
Айниқса, маст ҳолдаги шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларидаги ҳолат хавотирли. Айрим ҳолларда улар томонидан жиҳозларга зарар етказилган, видеокузатув қурилмалари ишдан чиқарилган, ҳатто тиббиёт ходимларига нисбатан куч ишлатилган. Бу нафақат мулкка, балки инсон хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солади.
Зомин туманлараро тиббиёт пунктида аниқланган камчиликлар ҳам тизимли муаммолардан далолат беради. Хусусан, биринчи тиббий ёрдам воситаларининг етишмаслиги, ходимлар учун алоҳида хоналар йўқлиги, ётоқ жиҳозларининг эскиргани ҳолатни янада мураккаблаштирмоқда. Айрим хоналарда видеокузатув воситалари ўрнатилмагани эса назорат самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши табиий.

Бу каби ҳолатлар амалдаги қонунчилик талабларига зид. Чунки бундай муассасаларда хавфсизлик, доимий назорат ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари тўлиқ таъминланиши шарт.
Муҳими, мониторинг фақат танқид билан чекланмади. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли идораларга Омбудсман назорат хатлари киритилди, амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, жойларда сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқаролар мурожаатлари ўрганилди.
Хулоса шуки, ёпиқ муассасалардаги шароит — бу фақат ички масала эмас, балки жамиятнинг инсон ҳуқуқларига муносабатини акс эттирувчи муҳим кўрсаткичдир. Демак, бу соҳадаги ҳар бир камчилик тезкор ва аниқ ечимларни талаб этади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири