Университетда “Ҳосил байрами”
Қўқон нодавлат университети Андижон филиалида “Ҳосил байрами” тадбири бўлиб ўтди.
Халқимизнинг ўзига хос қадриятлари, деҳқонларнинг йил давомида қилган меҳнатлари самараси намойиши ҳамда деҳқончилик анъаналарини улуғловчи байрам тадбирида университет профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирокида ранг-баранг дастурлар ташкил этилди.

–Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшларни меҳнатсеварлик, ҳалоллик, ерга ва табиат неъматларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, миллий анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялашдир, – дейди филиал проректори Ботиржон Аҳмедов. – Қолаверса, байрам доирасидаги тадбирлар орқали талаба ёшларнинг ижодкорлик, жамоавий фикрлаш ва фаоллигини янада ошириш кўзда тутилган.
Университет ҳовлисида 30 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмаркаси ташкил этилди. Бу орқали ўқитувчи, талаба ва тадбир меҳмонларига арзон нархларда сифатли, сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тақдим этилди.

Факультетлар томонидан тайёрланган ҳосил байрами кўргазмалари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. Мева-сабзавотлар, дон маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги неъматларидан ташкил этилган бадиий композициялар ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, “Энг мазали ош тайёрлаш” танлови ўтказилди. Устозлар ва талаба-ёшлар томонидан тайёрланган таомлар мазаси, безатилиши уларнинг жамоавий ишлаш мезонлари асосида баҳоланди. Миллий спорт ўйини– арқон тортиш, қизиқарли викторина, зукколик беллашувида талабалар ўзларининг билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказди.

Тадбир давомида талабалар томонидан намойиш этилган бадиий дастур – ижро этилган шўх куй, қўшиқ ва рақслар иштирокчиларга кўтаринки ва байрамона кайфият улашди. Иқтидорли талаба- ёшлар тайёрлаган саҳна кўринишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Якунда “Ҳосил байрами” тадбирларининг фаол иштирокчилари, ўтказилган танлов ва беллашувлар ғолиблари рағбатлантирилди.
Ушбу тадбир талабалар маънавиятини юксалтиришга, уларнинг қалбида миллий қадриятларимизга, она табиат, табиат неъматларига ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари