Жиззахда “Яшил макон”: 4200 туп кўчат экилди
Юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқди.
Давлатимиз раҳбари кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт бергани ҳудудлардаги ишларга янада кучли туртки бўлди.

Жиззах вилоятида ҳам мазкур ташаббус доирасидаги амалий ишлар кенг қулоч ёйди. Хусусан, Шароф Рашидов тумани Ҳамид Олимжон массивида жойлашган автомобиль ҳалқа йўли атрофида ташкил этилган кўчат экиш тадбирида кенг жамоатчилик фаол иштирок этди. Тадбир жараёнлари тўғридан-тўғри видеоалоқа орқали республика миқёсидаги умумий жараёнлар билан уйғун ҳолда олиб борилди.
Экологик акцияда вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев, соҳа мутахассислари, фаоллар, нуронийлар, ёшлар, шунингдек, турли корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Тадбир давомида жами 4200 туп дарахт кўчатлари экилди. Жумладан, 2000 туп қайрағоч, 1000 туп сафора, 500 туп сада қайрағоч ва 700 туп павлония кўчатлари ҳудудга ўтқазилди. Кўчат экиш ишлари агротехник талабларга қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, бундай кенг кўламли кўчат экиш тадбирлари нафақат ҳудуднинг экологик барқарорлигини мустаҳкамлайди, балки аҳоли учун соғлом ва мусаффо атроф-муҳитни шакллантиришга ёрдам беради.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари