Самарқанд давлат университетида тюторлар фаолиятини йўлга қўйиш, мазкур янги тизимни жорий этишдан кўзланган вазифаларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда 140 дан ортиқ олий ўқув юрти мавжуд. Ушбу олий таълим муассасаларида талабалар билан ишлашнинг янги тизими - тюторлик фаолиятини ташкил этиш долзарб бўлиб бормоқда. Тютор - бу олий ўқув юртида ўзига бириктирилган гуруҳ талабаларига таълим олиш, дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ўқув жараёнида юзага келадиган муаммоларни ҳал этишда кўмаклашади.
Давра суҳбатида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор, коррупцияга қарши курашиш ва комплайнс назорат тизимини бошқариш бўлими бошлиғи, декан ўринбосарлари, тюторлар иштирок этди.
- Тюторлик - катта масъулият. Университетимизда ўн беш мингдан ортиқ талабага юзга яқин тютор бириктирилган, - дейди Самарқанд давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Зебинисо Раҳмонова. – Ҳар бир тюторга 150 нафар талаба тўғри келади.
Тютор талабалар турар жойлари, ижарада ва хусусий хонадонларда яшовчи талабаларнинг яшаш жойларига бориб, шароитлари ва муаммоларини ўрганади, уларни яхшилаш чораларини кўради. У ҳар бир талабанинг дарсларни ўзлаштириши, дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этишига жавобгар.
- Талабаларнинг қизиқиши ва имкониятларини ўрганиб чиқмоқдаман. Спорт фаолияти ва санъат факультетидаги 136 нафар талаба менга бириктирилган, - дейди Шаҳобиддин Олимов. - Фаолиятимизни бошлаганимизга унча кўп вақт бўлмади. Ижарада яшайдиган талабаларнинг муаммоларни ўрганиб чиқдим. Йигирма нафар талабани шароити яхши бўлган хонадонларга кўчирдик. Эндиликда бизни бир қатор танлов ва лойиҳалар кутмоқда.
- Филология факультетининг 160 нафар талабаси билан бирга ишлаяпман, - дейди Нурали Ҳамидов. – Илгари тюторлик лавозими йўқ эди, гуруҳ раҳбари бор эди.
У дарсини ўтсинми ёки талабаларнинг муаммоси билан шуғуллансинми? Энди талаба билан ишлаш бизнинг зиммамизда. Улар билан боғлиқ ҳар қандай муаммони ечиш учун биз кўмаклашамиз.
- Факультетимизда дарсдан ташқари ахборот технологиялари курслари ташкил этилган, - дейди Гулираъно Бекпўлатова. - Компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида ушбу курсларга талабаларни жалб қилганмиз.
Улар орасида истеъдод эгаларини шакллантириб, халқаро танловларда иштирок этишини таъминлашни мақсад қилганман. Айниқса, ўзлаштириши паст ва тарбияси оғир талабалар билан тизимли ишлашни йўлга қўйганимиз ёшларимизнинг тўғри йўлдан адашмаслигида муҳим аҳамият касб этади.
Беҳруз Шамсиддинов