Тошлоқда пахта ҳосилини йиғиштириш қизғин паллада
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида жорий йилда 4 минг 300 гектар майдонда пахта парваришланди. Мавсумда 22 минг 300 тоннадан зиёд сифатли саноат хом ашёси етиштириш мақсад қилинган. Айни пайтда далаларда етиштирилган ҳосилни қисқа муддатда ва сифатли йиғиштириб олиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Жорий мавсумда тумандаги пахтачиликка ихтисослашган 157 та фермер хўжалиги билан тузилган шартномалар асосида 3 минг 800 гектар майдонда хорижий навлар парваришланди. Замонавий агротехнологияларни жорий этиш натижасида ёқилғи, техника ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги оширилиб, ҳосилдорлик ва маҳсулот сифати яхшиланди.
[gallery-31563]
Туманда пахта ҳосилининг қарийб 80 фоизини пахта териш машиналари ёрдамида йиғиштириб олиш режалаштирилган. Айни кунларда дала майдонларида 15 та пахта териш машинаси тун-у кун ишламоқда.
Жумладан, «Хуршидбек зиё» фермер хўжалигининг 30 гектарлик пахта майдонида хорижий навлар парваришланган. Айни пайтда бу ерда ҳар гектардан ўртача 70–75 центнердан ҳосил олинмоқда.
Фермер Хуршидбек Йўлдошевнинг таъкидлашича, пахта ҳосилини қисқа муддатда йиғиштириб олиш кузги буғдой экиш ишларини белгиланган агротехник муддатларда амалга ошириш имконини беради.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат) ЎзА