Хавфсиз дори-дармон ва кучли лаборатория яратишнинг келгуси режаси тасдиқланди
Аҳолини сифатли ва хавфсиз дори-дармон билан таъминлаш учун соҳанинг илмий салоҳиятини ошириш, лабораторияларни эса жаҳон стандартларига мослаштириш зарур. «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» Илмий кенгашининг навбатдаги мажлисида шу масалалар муҳокама қилинди.
Профессор Х.Жалилов бошчилигида ўтган йиғилишда илмий фаолиятни ривожлантириш ва ёш кадрлар тайёрлашга асосий эътибор қаратилди. Жумладан, тадқиқотчилар учун марказ эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда 93 та илмий мавзу банки шакллантирилди. Илмий ишларни экспертизадан ўтказишнинг эса антиплагиат ва 100 баллик шкалага асосланган янги 6 босқичли тартиби таништирилди.
Шунингдек, соҳадаги илмий тадқиқотларнинг бешта устувор йўналиши белгиланиб, Марказнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот режаси тасдиқланди. Унинг доирасида самарадорликни баҳоловчи 16 та индикатор ишлаб чиқилган.
Йиғилишда кадрлар малакасини ошириш натижалари ҳам қайд этилди. Жорий йилда мутахассислар учун ўқув тадбирлари ўтган йилга нисбатан икки баробарга кўпайиб, илмий даражали ходимлар сони ошган. Келгусида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар тадбирларида фаол иштирок этиш тавсия қилинди.
Энг муҳим вазифалардан бири марказ лабораторияларини ЖССТ преквалификациясидан ўтказишдир. Ҳозирда ускуналарни ва ҳужжатлаштириш ишларини халқаро талабларга мувофиқлаштириш жадал олиб борилмоқда. Бу жараённи 2027 йил якунигача тўлиқ тугатиш кўзда тутилган.
Муҳокамалар якунида кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА